O‘zbekiston
yangiliklari

«Ўзбекистонда ОАВга тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди» — Шавкат Мирзиёев

«Ўзбекистонда ОАВга тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди» — Шавкат Мирзиёев
YANGILIKLAR
17:06, 05 апрель 2020
104
0

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари шанба куни мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган йиғилишда тўхталиб ўтди. «Яна бир марта такрорлайман. Буни ҳамма билиши керак. Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди», — деди у. Оммавий ахборот воситалари қонунийликни қарор топтиришда чинакам «жамият кўзгуси»га айланиши керак, дея таъкидлади президент. «Сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ўтган уч йилда жамиятимиз ҳаётида туб бурилиш ясади. Бу ҳақиқат. Буни ўзимиз ҳис қилмаяпмиз, аммо жамият ҳам, сўз эркинлиги ҳам ўзгарди. Тасаввур қилинг-а, икки-уч йил аввал кимдир телевизор ёки газета орқали бундай саволларни бера олганми? 30 йилда нима бўлгану, охирги уч йилдаги фарқни гўёки ҳеч ким сезмаётгандек. Чунки ўзимиз ўзгармоқдамиз, одамларнинг талаблари ва муаммолари ўзгармоқда. Ижро ҳокимияти ҳам ўзи билмаган ҳолда ўзгармоқда. Ўзгараяпти. Уларнинг онги ўзгармоқда. Бунинг учун маданият, вақт, тушуниш, энг асосийси — [ҳуқуқий] маданият ва яна бир марта маданият керак», — деди Шавкат Мирзиёев. "Газета.uz"да реклама Президент демократик ислоҳотлар натижасида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар мансабдор шахсларни ўз ишини қонуний асосда тўғри ташкил этишга ундаётганини таъкидлади. «Шу сабабли ҳам давлат органлари фаолияти тўғрисидаги маълумотларни жамоатчиликка тўлиқ ва тезкор етказиш мақсадида уларнинг ҳар бирида матбуот хизмати иш бошлади. Аслида, демократик жамиятда барча давлат хизматчилари оммавий ахборот воситалари билан яқин ижтимоий ҳамкорлик қилишга ўрганиши керак. Агарда ўрганмасак, эртанги ислоҳотлар амалга ошмайди. Биз ўрганишга мажбурмиз. Буларнинг барчасини тушуниш керак. ОАВ — ҳаётимизнинг кўзгуси. Агар сиз ҳақ ва очиқ бўлсангиз, уларга ҳамма нарсани айтинг: „Мен шундай қилишни хоҳлайман, шундай бўлади, бу — бугун, бу — эртага“. Қўрқишга ҳожат йўқ. Уларга: „Буни бир кунда қиламиз“, — дейдиган вақт келди. Қоғоз ҳамма нарсага дош берган вақтлар ўтди», — деди у. Шавкат Мирзиёев бугунги кунда анъанавий ахборот воситалари билан бирга Интернет, ижтимоий тармоқлар, блогерлар жамоатчилик фикрини шакллантиришда катта роль ўйнаётганини таъкидлади. «Давлат ва жамият бошқарувида, кундалик фаолиятимизда очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кучайтириш мақсадида биз фуқароларнинг сўз эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатишга оид конституциявий норманинг ижросини амалда тўлиқ таъминлашимиз зарур. Бунинг учун эса биринчи галда оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунчиликни такомиллаштириш керак ва биз бу борада фаол иш олиб бормоқдамиз», — деди давлат раҳбари. «Ягона мақсад — халқ эҳтиёжларини қондириш ва одамлар ҳаётини яхшилаш. Биз бунга интилишимиз керак. Танқид, албатта, керак. Танқид бўлса, хулосалар ҳам бўлади. Бироқ ҳозирда изланишдамиз, ўрганишдамиз. Биз янги Ўзбекистонни қурмоқдамиз, биз тиргак бўлишимиз, бир-биримизга суянишимиз ва асосийси халқнинг эҳтиёжларига жавоб беришини тушунишимиз керак. Агар биз бирлашсак, натижа бутунлай бошқача бўлади», — деди президент. Давлат раҳбари йирик демократик давлатлар дарҳол демократик мамлакатга айланиб қолмаганини таъкидлаб ўтди. «Одамлар онгли равишда, умид ва ишонч билан [демократияга ўтишган]. Икки томон бир хилда ҳаракат қилса, натижа бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Fikrlar (0)
Fikr bildirish
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив