O‘zbekiston
yangiliklari

Шавкат Мирзиёев Синдзо Абэ билан музокаралар ўтказди

Шавкат Мирзиёев Синдзо Абэ билан музокаралар ўтказди
YANGILIKLAR
17:06, 05 апрель 2020
116
0

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 декабрь куни Токиога расмий ташрифи доирасида Япония бош вазири Синдзо Абэ билан учрашди, дея хабар қилди президент матбуот хизмати. Президент Шавкат Мирзиёев Япония ҳукуматига Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва иқтисодий модернизацияни қўллаб-қувватлаётгани, шунингдек, юқори малакали кадрлар тайёрлашга кўмаклашаётгани учун миннатдорлик билдирди. Парламентлараро алоқалар, жумладан, Япония парламентидаги Ўзбекистон билан дўстлик лигасининг фаол иштироки доирасида жонлангани мамнуният билан қайд этилди. Асосий эътибор мамлакатда иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилди. Икки мамлакат етакчилари ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, инвестициявий, технологик, молиявий ва молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф этдилар. "Газета.uz"да реклама Энергетика, қазиб олиш тармоғи, машинасозлик, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, туризм ва бошқа устувор йўналишларда, аввало, Япония етакчи компания ва банкларининг тўғридан-тўғри инвестициялари ва илғор технологияларини жалб қилган ҳолда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш маъқулланди. Делегациялар раҳбарлари Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги орқали молиявий ва молиявий-техник шериклик кенгайиб бораётганини олқишладилар. Бундан ташқари, ҳудудлараро алоқаларни, тартибли меҳнат миграцияси, таълим, соғлиқни сақлаш, маданий алмашинув соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Асосий йўналишларда қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва илгари суришнинг институционал механизмлари келишиб олинди. Учрашув якунида томонлар музокара натижаларидан мамнун эканларини билдирдилар, дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларининг янги даврини бошлаш борасида қатъий эканларини таъкидладилар. Олий даражадаги музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Япония бош вазири Синдзо Абэ Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзолади. Икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида солиқ ва божхона соҳаларидаги ҳамкорлик, шунингдек, йирик инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича имзоланган битимлар алмашилди. Булардан ташқари, Ўзбекистон делегацияси ташрифи доирасида иқтисодиёт, саноат, туризм, илм-фан, инновациялар, ахборот-коммуникация технологиялари, меҳнат миграцияси, таълим ва спорт соҳаларида, ҳудудлар ўртасида ҳамкорлик бўйича ўндан зиёд ҳужжат қабул қилинди. Шундан сўнг икки мамлакат етакчилари оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот берди. Давлат раҳбари Япония билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш ва янада кенгайтириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. «Бугун сиёсий, парламентлараро алоқалар, савдо ва инвестиция, инновация, кичик ва ўрта бизнес, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик истиқболларини батафсил муҳокама қилдик ҳамда муҳим келишувларга эришдик, — деди Шавкат Мирзиёев. — Ташриф доирасида Япониянинг етакчи компания ва ташкилотлари билан йирик лойиҳалар бўйича битимлар имзоланди. Бу лойиҳалар аввало Япониянинг илм-фан ва юқори технологиялар соҳасидаги илғор ютуқларини Ўзбекистон иқтисодиётига жорий этишга қаратилгани билан айниқса эътиборлидир». Япония бош вазири, ўз навбатида, Президент Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш бўйича олиб борилаётган сиёсатни юқори баҳолади. Имзоланган салмоқли ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий, маданий-гуманитар алоқалар кенгайишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Fikrlar (0)
Fikr bildirish
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив