O‘zbekiston
yangiliklari

Шароити йўқ маданият

Шароити йўқ маданият
YANGILIKLAR
17:03, 05 апрель 2020
109
0

Маданиятга алоқадор бўлиш — ногиронликнинг турли шакллари бўлган болалар ва катталарнинг жамиятдаги ижтимоийлашуви ва инклюзияси учун самарали воситалардан биридир. Санъатни ўрганиш маънан ва интеллектуал жиҳатдан ривожланишга сабаб бўлади. У инсонга эстетик қониқиш ҳиссини беради. Бироқ Ўзбекистонда яшаётганларнинг ҳаммаси ҳам театр, музей ёки истироҳат боғларига ташриф буюра оладими? Август ойи охирида Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси асосида ногиронлар жамоат бирлашмаси «Шароит Плюс» ННТ билан ижтимоий шерикчиликда пойтахтдаги саккизта маданият муассасасида синов тариқасида шароитлар мониторинги ўтказилди. Мониторинг жараёнига ногиронликнинг турли шакллари бўлган одамлар раҳбарлик қилишди. Улар саккизта объект: Алишер Навоий номидаги ДАКТ, Ёшлар театри, Ўзбекистон тарихи музейи, Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи, Тошкент ҳайвонот боғи, Тошкент цирки, Кўзи ожизлар марказий кутубхонаси ҳамда Санъат ва маданият институтига киришга ҳаракат қилиб кўришди. "Газета.uz"да реклама Мониторинг учун махсус 20 банддан иборат сўровнома тузиб чиқилди. Ушбу сўровнома асосида иштирокчилар маданият объектлари бинолари ва уларга туташ ҳудудларнинг таянч-ҳаракат аппарати бузилишлари бўлган одамлар учун мақбуллиги, шунингдек, кўриш ва эшитиш бузилишлари бўлган одамлар учун оқилона қулайликлар яратилганига баҳо беришди. Видео Нима сабабдан ногиронлиги бор одамлар театр ва музейларга кам боради? Бизнинг ҳар бир сафаримиз энг яқин автобус бекатини ўрганиш ва ундан маданият муассасасигача бўлган масофани ўлчашдан бошланди. Бундан ташқари, ер ости ўтиш йўлларининг шароитлари ва автобекатларнинг ногиронлиги бўлган одамлар учун махсус жиҳозлангани ҳам бизни қизиқтирди. Буларнинг барчаси шаҳар ижтимоий инфратузилмалари объектларига тааллуқли бўлиб, барча саккизта ҳолатда ҳам мониторинг гуруҳи кўплаб тўсиқларга дуч келди. Бироқ барчаси ҳам ёмон эмас, саккизта объект ичида шароитлар бўйича чемпион ҳам бор — Алишер Навоий номидаги ДАКТ. Гап шундаки, 2015 йилда театр биносида капитал таъмир ишлари якунига етди ва унда ногиронлиги бор инсонлар учун шароитлар бўйича барча меъёрларга риоя қилинган. Театр биноси 1947 йилда қурилган ва реконструкцияга қадар бундай талабларга мувофиқ келмаган. Эндиликда театрнинг асосий кириш қисми ва фойеси қиялик бурчаги талабларга мос бўлган пандус билан таъминланган. Ҳожатхона хонаси ҳаракати чекланган фуқаролар учун мослаштирилган — унитаздан фойдаланиш қулай бўлиши учун тутқичлар ўрнатилган. Томоша зали марказида ногиронлар аравачаси фойдаланувчилари учун иккита ён майдончалар, уларга ҳамроҳлик қилувчилар учун эса қўшни ўриндиқлар назарда тутилган. Алишер Навоий номидаги ДАКТдан сўнг биз яна бир театр — Ўзбекистон Ёшлар театрига йўл олдик. У ерда дарҳол — асосий кириш қисмидаёқ фойдаланиш учун яроқсиз бўлган янги пандусга дуч келдик. Унинг қиялик бурчаги ва конструкцияси ногиронлик аравачаси фойдаланувчисига театрнинг асосий кириш қисмига мустақил равишда кўтарилишга имкон бермайди. Яна бир тўсиқ фойеда — у ерда пандус йўқ ва уч эркак мониторинг гуруҳимиз иштирокчисини кўтариб туширишга тўғри келди. Ўзбекистон Ёшлар театри асосий кириш қисмидаги яроқсиз пандус, 2019 йил август. Муаллиф фотоси. Ёшлар театрида на шароитлари бор ҳожатхона, на томоша залида ногиронлик аравачаси фойдаланувчиси учун махсус майдонча мавжуд. Театр директори бизнинг ногиронлиги бўлган томошабинлар келиб турадими, деган саволимизга жавоб берар экан, улар камдан-кам келиши ва асосан мактаб-интернати тарбияланувчилари эканини таъкидлади. Бироқ нима учун ногиронлиги бўлган болалар ва ёшлар театрга кам ташриф буюради? Балки бу унинг шароитлари йўқлиги билан боғлиқдир? Ўзбекистон тарихи музейига кириш жуда қийин бўлди — музейга туташ барча ҳудудлар кўп сонли зинапоялардан иборат, пиёдалар йўлаклари бир неча қатор автомобиллар билан тўлган. Ногиронлар аравачаси фойдаланувчиси учун ягона кириш имкони, бу — ён томондаги хизматчилар учун кириш жойи бўлиб, у ерни ногиронлиги бўлган одамлар учун мослаб қайта жиҳозлаш мумкин. Ён томондаги махсус кириш жойи ҳақидаги ахборот-кўрсаткич белгисини илиш ва ушбу хизматчилар кириш жойига элтувчи икки поғонали пандус ўрнатилса, кифоя. Автотураргоҳ ва зиналар орқали — тарихга. Ўзбекистон тарихи музейининг асосий кириш қисми, 2019 йил август. Муаллиф фотоси. Музей биноси 1970 йилда қурилган бўлиб, асосий кириш қисмини кўтариш механизмлари билан жиҳозлаш серхаражат ва жуда мураккаб иш. Шунингдек, бу бинонинг меъморий қиёфасига зарар етказиши мумкин. Шу боисдан эски биноларни мослаштиришга ижодий ёндашиш ҳамда ҳаммабопликни таъминлашнинг кам харажатли ва хавфсиз усулларини излаган маъқул, масалан, ён томонлардаги хизматчилар учун кириш жойларини қайта жиҳозлаш орқали. Музейнинг биринчи қаватида кўргазма галереяси жойлашган, қолган учта қават эса ташриф буюрувчиларни тарихнинг турли даврлари билан таништиради. Йўловчи лифти носоз экан ва ўзини ҳам музей экспонатлари қаторига қўшиш мумкин бўлган юк кўтариш лифтидан фойдаланишимизга тўғри келди. Биз фақат учинчи қаватга кўтарила олдик, чунки иккинчи ва тўртинчи қаватларга кириш беркитилган экан. Музей ҳожатхонаси яроқсиз — хоначалар жуда тор бўлиб (60 см), у ерга ногиронлик аравачасидаги ташриф буюрувчи кира олмайди. Нима учун маданият муассасалари шароитлар йўқлигича қолмоқда? Барча янги бино ва иншоотларнинг ногиронлиги бор одамлар учун шароитлар талаблари ҳисобга олинган ҳолда қурилиши лозимлиги 1991 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида ногиронларнинг ижтимоий ҳимояланганлиги тўғрисида"ги қонундаҳамда қурилиш меъёрлари ва қоидаларида белгилаб қўйилган. Бу талаб маданият ва истироҳат муассасаларига ҳам тааллуқли. Тўсиқсиз киришни таъминламаган қоидабузарлар маъмурий жавобгарликка тортилиши лозим. Кўплаб маданий мерос объектлари 1990-йилларгача қурилган ва уларда тўсиқсиз муҳит талаблари кўзда тутилмаган. Бу эса маданият муассасаларини ногиронлиги бор одамлар ва ҳаракати чекланган бошқа фуқаролар учун реконструкция қилиш ва қайта жиҳозлаштиришни қийинлаштирувчи омиллардан биридир. Яна бир сабаб шундаки, маданият объектлари аксарият ҳолларда давлат томонидан қўриқланувчи меъморий ёдгорликлар ҳисобланади ва уларни ногиронлиги бор инсонлар учун шароитлар талабларига мослаштириш кўплаб идоралар билан иншоот қиёфасига ўзгартишлар киритиш ишларини мувофиқлаштириш ва бунга розилик олиш зарурлиги сабабли мураккаб вазифа ҳисобланади. Маҳаллий маъмуриятларнинг шароитлар тўғрисидаги хабардорлигининг пастлиги ёки шунчаки хоҳламаслик ҳам сабаблардан бири бўлиши мумкин. Тошкент ҳокимияти ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг «Шаҳар барча учун» лойиҳасига германиялик архитектор ва ногиронлиги бор инсонлар учун шароитлар яратиш бўйича мутахассис Филипп Мойзернинг жалб қилиниши кишида умид уйғотади. Лойиҳада Тошкент мисолида биноларни мослаштириш бўйича қўлланма ишлаб чиқиш, 20 та ижтимоий аҳамиятга эга объект таҳлили ва уларнинг тўрттасини мослаштириш кўзда тутилган. Нима учун ҳаммабоплик ҳайриядан кўра муҳимроқ? Биз мониторингни давом эттирар эканмиз, Тошкентдаги майдони бўйича иккинчи йирик истироҳат боғи — Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғига ташриф буюрдик. Тўртта кириш жойидан фақат асосий дарвозагина ногиронлиги бор инсонлар талабларига жавоб беради. Қолган икки кириш жойи пандус билан таъминланган, бироқ улар қиялик бурчаклари белгиланган меъёрлардан анча баланд қилиб қурилган. Ён томондаги яна бир кириш жойи эса мутлақо пандус билан жиҳозланмаган. Боғдаги учта жамоат ҳожатхонасининг бирортаси ҳам аравачада ҳаракатланадиган ташриф буюрувчилар учун мослаштирилмаган. Ҳожатхонага қаровчи аёл бақир-чақир қилиб бизни ҳайдаб солар экан, фақат биз етишмай турганимизни ва биз билан тўқнашгандан кўра ўлгани яхши эканини айтарди. У охирида: «Нега сиз шароитлари бор ҳожатхона талаб қилаяпсиз, гўёки „инвалидлар“ ҳар куни паркка келадигандек», деган гапларни қўшимча қилиб ўтди. Бироқ, албатта, шароитлар йўқлиги учун жавобгарлик тўлиқ боғ маъмуриятининг зиммасида қолаверади. Боғдаги ҳожатхонага кириш учун бир қанча зинапояларни босиб ўтиш керак. Бироқ таянч-ҳаракат аппарати бузилиши бўлган ташриф буюрувчи ҳатто ичкарига киргандан кейин ҳам полга ўрнатилган унитаздан («Генуя» чаноқларидан) фойдалана олмайди. Истироҳат боғида болалар машиналари сақланаётган омборхонадаги бир дона унитазгина бор экан. Ногиронлик аравачасидан фойдаланувчи «Шароит Плюс» ННТ аъзоси боғда шароитлари бор ҳожатхона бўлмагани сабабли жиддий ноқулайликни бошдан кечирди. Ҳожатхонага қаровчи ўша бақироқ аёл унга ёрдам беришдан бош тортди ва бино орқасидаги арчазорда ҳожатини чиқариши мумкинлигини айтди. Бу жой жуда сирпанчиқ ва майсалар суғорилган сув билан тўла экан. Натижада мониторинг иштирокчиси сирпаниб, сувга йиқилиб тушди. Уни уйга кузатиш учун такси тўхтатар эканмиз, бирорта ҳам ҳайдовчи шими хўл бўлгани сабабли уни салонга олишни истамади. Бундай маънавий зарар ва камситилиш учун кимни судга бериш керак? Албатта, боғ раҳбариятини. Англияда паралимпия атлетика спортчиси поезда шароитлари бор ҳожатхона носоз ҳолда бўлгани сабабли катта миқдорда молиявий товон пулини суд орқали ундириб олган. Якунда Буюк Британия Транспорт вазирлиги ногиронлиги бўлган одамларни бевосита жалб этган ҳолда транспорт инфратузилмаларининг шароитлари бўйича режа ишлаб чиқишга мажбур бўлди. Боғ ичидаги сайр учун мўлжалланган йўлаклар нафақат ногиронлиги бўлган ташриф буюрувчилар, балки ногиронлиги йўқ одамлар учун ҳам хавфли. Муаллиф фотоси, 2019 йил август. Бизни тўсатдан бир эркак тўхтатиб, ўзини боғнинг қўриқлаш хизмати бошлиғи деб таништирди. У боғнинг ижобий обрўсига зарар етказмаслигимизни сўраб, раҳбарият халқаро ногиронлар ва болалар кунлари, шунингдек бошқа миллий байрамлар муносабати билан хайрия акцияларини ўтказишини таъкидлади. Албатта, бундай тадбирлар ҳурматга лойиқ. Бироқ бир марталик байрам маданият соҳасидаги инклюзия тамойилларига тўғри келмайди. Бу каби хайрия акциялари кўп ҳолларда ногиронлиги бўлган болалар ва катталар учун махсус ташкил этилади ва уларда тадбир дастурларини танлаш имконияти бўлмайди. Умид қиламизки, Ғафур Ғулом боғи муаммога ёндашишда хайрия акцияларигагина суяниб қолмасдан, реконструкциядан кейин ҳеч бўлмаса битта ҳожатхонада шароитлар яратиш орқали уни ҳақиқатдан ҳам «халқ» боғига айлантиради. Ҳожатхоналарда шароитлар йўқлиги муаммоси ҳозирда реконструкцияда бўлган Тошкент цирки учун ҳам долзарб. Нима учун уларнинг жойи ҳар доим томоша залида, саҳнада эмас? Маданият соҳасидаги асосий таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти навбатдаги мониторинг объекти бўлди. Институт ҳудудида 11 та бино, жумладан ўқув театри, ректорат, иккита ўқув биноси, ахборот-ресурс маркази (кутубхона), учта ётоқхона, ошхона, спорт мажмуаси ва бассейндан иборат. Бутун институтда шароитлар мониторингини ўтказишимиз учун уч соат сарфладик. Маданият ва санъат институти ҳудудининг харита-схемаси, муаллиф фотоси, 2019 йил август. Институтнинг янги биноси 2015 йилда қурилган ва ҳамма ерга қурилиш меъёрларига бир оз яқин бўлган тутқичли пандуслар ўрнатилган. Асосий ўқув биносида битта лифт ўрнатилган ва уни махсус биз учун очишди. Лифтга кириш қисми тор ва талабларига жавоб бермайди. Ректоратнинг иккинчи қаватида ҳам ўқув хоналари ва асосий кафедралар жойлашган, бироқ бинода лифт йўқ. Ўқув театрида кириш қисми кенг ва тутқичлари бўлган шароитлари бор ҳожатхона қуришибди. Бироқ томоша залида ногиронлик аравачасидан фойдаланувчи ташриф буюрувчилар учун жой кўзда тутилмаган. Бундай томошабинлар одатда саҳнага яқин жойдаги кириш эшиги олдига «ўтқазилади», бироқ бундай қилиш бошқа томошабинларнинг ўтиб-қайтишига халал беради, фавқулодда қутқарув вақтларида эса жуда ҳам хавфли бўлиши мумкин. Шу сабабдан фавқулодда ҳолатларда бошқаларга тўсқинлик яратмаслик учун томошабинлар қаторидан махсус майдонча ажратиш зарур. Бундан ташқари, ўқув театри саҳнаси ва актёрлик маҳорати ўқув биноси жисмоний ногиронлиги бўлган одамлар учун мутлақо яроқсиз. Гўёки ногиронлик аравачасидаги одам театр ёки кино актёри бўла олмайди, деган таассурот уйғонади. «Актёрлик санъати» йўналиши бўйича ўқитувчилар актёрга пластика ва чиройли ҳаракат кераклигини тушунтиришмоқчи бўлишди. Бироқ ногиронлик аравачаси фойдаланувчиси қандай қилиб чиройли ҳаракатланиши мумкин?! Бундан ушбу йўналишда ногиронлиги бўлган бирорта ҳам талаба таълим олмаслиги маълум бўлади. Институт ҳудудидаги бу пандусдан чиқиш учун ногиронлик аравачаси фойдаланувчиси бемисл кучга эга бўлиши керак. Муаллиф фотоси. Афсуски, ётоқхоналарнинг юқори қаватларида шароитлар йўқлиги маълум бўлди — биноларда лифт йўқ. Бундан ташқари, эркаклар ётоқхонасидаги ва ҳамма ердаги ҳожатхоналарга пол унитазлари ўрнатилган. Қизлар ётоқхонасининг биринчи қаватида ногиронлиги бўлган талаба яшаши мумкин бўлган биттагина хона мавжуд бўлиб, у ҳам талабларга тўлиқ жавоб бермайди — ҳожатхона эшиги тор, унитаз ва душ учун тутқичлар ўрнатилмаган. Маданий контент ҳаммабоплигини қандай қилиб таъминлаш мумкин? Нафақат маданият муассасалари бино ва ҳудудларининг жисмоний шароитлари борлиги, балки маданий контент ҳам кўриш ва эшитиш қобилияти чекланган ташриф буюрувчилар учун мақбул форматларда бўлиши лозим. Масалан, Алишер Навоий номидаги ДАКТ ва Ёшлар театри кўзи ожиз томошабинлар учун тифлоизоҳ (аудиодескрипция) тизими билан таъминланмаган. Ушбу тизимсиз эса саҳнада актёрлар қандай ҳаракатларни амалга ошираётганини тўлиқ тушуниб бўлмайди. Эшитиш қобилияти чекланган томошабинлар учун эса спектакллар, фильмлар ва телевизион дастурлар автомат равишда субтитрланиши лозим. Бизнинг мониторинг гуруҳимиз ташриф буюрган иккита театрда саҳналар тепасига ўрнатилган экран ёрдамида барча учун субтитрларни очиқ намойиш этиш имконияти мавжуд. Хориж мамлакатларида махсус субтитрлар ёзиб чиқариладиган планшетларни тарқатиш амалиёти йўлга қўйилган. Бу нафақат эшитишида нуқсони бўлган томошабинлар, балки спектаклни инглиз тилида томоша қилиш истагидаги чет эллик сайёҳлар учун ҳам қулай. Заиф эшитувчи томошабинлар учун эса махсус индукцион илгак (индукционная петля) ўрнатилиши лозим. Бу қурилма актёрларнинг овозларини, концерт пайтида мусиқани ва кинотеатрда фильм товушларини қайта ишлайди ва «телеғалтак» ёки қисқача «Т» режимида турган эшитиш мосламасига шовқинлардан ҳолди ҳолатда етказиб беради. Шундай қилиб, заиф эшитувчи одам ҳатто охирги қаторда ўтирса ҳам, у спектаклни тўлиқ эшитиш имкониятига эга бўлади. Маданият муассасалардаги овозли хабарлар ҳам худди шу тарзда эшитиш ускуналарига етказилиши мумкин. Маданият муассасаларига эшитиш қобилияти чекланган ташриф буюрувчилар учун айланиб турувчи ёзувли ахборот тахтасини ҳам ўрнатса бўлади. Ўзбекистон тарихи музейида кўзи ожиз ташриф буюрувчилар музей экспонатлари ва коллекциялари ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилишлари учун музей буюмлари макетлари ва таниқли шахсларнинг бюстларини яратиш мумкин. Музейда, шунингдек, кўзи ожиз ташриф буюрувчилар учун интерактивлик ва тактил сезгини кучайтириш мақсадида махсус таълим олган гидлар ва овозли ҳамроҳлик усули ёрдамида қизиқарли йўналишлар ишлаб чиқиш мумкин. Экспонатлар ҳақида Брайл ёзувида маълумотлар бериш ҳам оқилона қулайликлардан бири ҳисобланади. Тошкент ҳайвонот боғига турли ҳайвонлар сақланаётган жойларга элтувчи ҳудудларнинг тактил мнемосхемасини ўрнатиш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, йўлакларга кўришда нуқсони бўлган ташриф буюрувчилар учун сариқ тактил плиткалар ўрнатиб чиқиш мумкин. Тактил плиткаларни Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонасидан энг яқин автобус бекатига қадар бўлган йўлга ҳам жойлаштириб чиқиш керак. Бундай бўртма белгили қопламалар кўриш бўйича ногиронлиги бўлган бир неча талаба таҳсил олаётган Маданият институти ҳудудига ҳам жойлаштирилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Кўзи ожизлар кутубхонасининг мутолаа зали ва барча китоб фонди иккинчи қаватда жойлашган бўлиб, бинода лифт йўқ. Ҳожатхона биринчи қаватда жойлашган, бироқ ногиронлиги бор одамлар фойдаланиши учун унчалик ҳам қулай эмас, шунингдек, санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Шароитлар мониторинги якунлари бўйича «Шароит Плюс» ННТ барча саккизта маданият муассасаси раҳбарлари ва ходимлари учун тренинглар ўтказди. Иштирокчилар маданият муассасаларида ногиронликнинг ижтимоий модели ва инклюзия масалалари билан таништирилди. Натижада иштирокчилар ўз муассасаларида шароитлар ва оқилона қўлайликларни таъминлаш мақсадида келгуси олти ой учун дастлабки ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишди. Маданият объектларида шароитлар ким учун зарур? 2015 йилда Жаҳон туристик ташкилоти томонидан ўтказилган «Ўзбекистонда туризм таҳлили» тадқиқотлар натижалари мамлакатимизга ташриф буюрувчи сайёҳларнинг аксарияти (42 фоизи) 55 ва ундан катта ёшли одамлар эканини кўрсатди. Сайёҳ Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун вақтни қандай топди, деган саволга иккинчи бўлиб «Мен пенсиядаман» жавоби энг кўп берилган. Кекса ёшли туристларнинг аксарияти ногиронлиги бор инсонлар каби ҳаракатланиши чекланган гуруҳларга мансуб бўлиб, шароитлари бор маданий ва туристик объектларга эҳтиёж сезади. Диққатга сазовор жойлар, музейлар, тарихий ёдгорликларнинг жисмоний шароитлари борлиги ҳақида бош қотириш, жамоат жойларида шароитлари бор ҳожатхоналар қуриш, фойдаланишга яроқли пандуслар, кўтариш қурилмалари ва бошқа амалий чораларни кўриш зарур. Кекса ёшлилар, ҳомиладор аёллар, болалар аравачалари бўлган ота оналар ва мактабгача ёшдаги болалар учун ҳам бундай шароитлар зарур. Маданий, рекреацион ва сайёҳлик обеъктларида шароитларни таъминланиши ногиронлиги бор одамлар учун ҳам, аҳолининг ҳаракатланиши чекланган гуруҳлари учун ҳам, мамлакатимиз меҳмонлари учун ҳам фойдали. «Универсал туризм», «ҳаммабоп туризм» ва «тўсиқларсиз туризм» каби тушунчалар улкан бизнес салоҳиятни англатади. Бу, ўз навбатида, сайёҳлик объектлари жозибадорлигини ошириш ва туризм соҳасини ривожлантириш учун ўзига хос сармоя ҳисобланади. Охир-якунда маданият объектларидаги шароитлардан барча — давлат бюджети, туризм соҳасидаги хусусий тадбиркорлар, сайёҳларнинг ўзлари ва аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари ютади. Барча учун маданият муассасларида шароитларни қандай таъминлаш мумкин? Бутун республикада 37 та театр, 350 та музей, 225 та маданият ва истироҳат боғлари, 7476 та маданий ёдгорлик объектлари ва бошқа муассасалар Маданият вазирлиги тасарруфи остида фаолият кўрсатмоқда. Бизнинг мониторинг пойтахт театрлари, музейлари, парклари ва бошқа маданият объектлари ногиронлиги бор одамлар ва аҳолининг ҳаракатланиши чекланган бошқа гуруҳлари учун нақадар ноқулай эканини кўрсатди. Кўриниб турибдики, тўсиқларсиз маданий муҳитни шакллантириш бўйича ишлар ҳали бошланғич босқичда турибди. Ўзбекистон 2009 йилда имзолаган, бироқ ҳалигача ратификация қилмаган БТМнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 30-моддасига кўра, иштирокчи давлатлар ногиронлиги бўлган одамларнинг маданий ҳаётда тенг ҳуқуқли асосда иштирок этиш, дам олиш ва кўнгил ёзиш, шунингдек, спорт билан шуғулланишга бўлган ҳуқуқларини тан олиши, ушбу ҳуқуқларини амалга оширишлари учун барча зарур чораларини амалга оширишлари лозим. Шу мақсадларда Маданият вазирлиги 2020−2021 йилларда маданият ва санъат муассасаларида инклюзия дастурини ишлаб чиқмоқда. Сентябрь ойи охирида Вазирлар Маҳкамаси «Инклюзивликни ҳисобга олган ҳолда маданият ва санъат муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарор лойиҳасини халқ муҳокамаси учун эълон қилди. 1−3 ноябрь кунлари Самарқандда маданият муассасаларининг ногиронлиги бор инсонлар учун шароитлар тўғрисида жамоатчилик хабардорилигини ошириш мақсадида биринчи хайрия ярим марафони ўтказилди. Тўпланган маблағлар Тошкентдаги театрлардан бирини тифлоизоҳ тизими билан таъминлаш ҳамда мутахассисларни ўқитишга сарфланади. Белгиланган мақсадларга эришиш учун «Ижтимоий шерикчилик тўғрисида"ги қонун асосида ногирониги бор одамларни бевосита жалб этган ҳолда барча турдаги маданият муассасаларида шароитлар мониторингини доимий равишда ўтказиш амалиётини жорий этиш лозим. Мониторинглар натижалари маданият муассасалари ҳаммабоплиги рейтингини, шунингдек, маданият, спорт ва хордиқ чиқариш объектларида инклюзив муҳитни ривожлантириш бўйича энг яхши вилоятлар ва туманлар рейтингини тузишга имкон беради. Барча саккизта маданият муассасасида — мониторинг объектларида биз ногиронлиги бор ходимлар ишлайдими, деб сўрадик. Циркнинг тўрт юз штат ходимидан фақатгина эшикбонда ногиронлик бор экан. Нима учун ногиронлиги бўлган одам, масалан, кассаларда ишлашга жалб этилмайди? Маданият вазирлиги тасарруфидаги кўплаб объектлар давлат муассасалари ҳисобланиб «Ногиронларнинг ижтимоий ҳимояланганлиги тўғрисида"ги қонуннинг 25-моддасида белгиланган ногиронлиги бор шахсларни 3 фоизлик квота асосида ишга қабул қилиш бўйича мажбуриятни бажаришлари шарт. Ногиронлиги бўлган маданият ходимларининг мавжудлиги ушбу муассасаларда тўсиқсиз муҳитни яратиш ижобий таъсир кўрсатиб, маданият ҳаммабоплигини таъминлаш учун ўзига хос туртки вазифасини ҳам бажарар эди. Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция иштирокчи давлатларни ногиронлиги бўлган одамларнинг нафақат ўзлари, балки бутун жамият фаровонлиги учун ўз ижодий, бадиий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш ва ривожлантиришлари учун имкон берадиган чораларни амалга ошириш мажбуриятини юклайди. Бизнинг ҳаётимиз, бу — саҳна ва саҳна инклюзив бўлиши керак. Актёрлик маҳорати ҳар хил бўлиши мумкин ва ногиронлик аравачаси фойдаланувчисига унда бу нарса йўқлигини айтиш уни таҳқирлаш билан тенгдир. Барча инсонларнинг ҳаракатланишида гўзаллик бор. Кино ва театрда ногиронлиги бўлган қаҳрамонлар ролини нима учун ногиронлиги бўлмаган одамлар ижро этади? Нима учун биз ногиронлиги бўлган инсонларга актёр бўлиш ва ўзларини ўзлари ижро этишларига имкон бермаймиз? Нима учун биз уларни ижодий жамоаларга деярли қўшмаймиз, ахир «Илҳом» театрида «Инклюзив театр» лабораторияси буни амалга оширдику?! Зеро, инклюзив ижодий лойиҳалар толерантликни ва барча учун маданият муассасаларида шароитлар муаммоларига бефарқ бўлмасликни кенг ёяди. Муаллиф фикри таҳририят ҳамда Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси фикрига мос келмаслиги мумкин. Дилмурод Юсупов — Сассекс университети (Буюк Британия) Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти. Улуғбек Маматхонов — Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти Марказий бошқаруви ташкилий-ижтимоий бўлим етакчи мутахассиси.

Fikrlar (0)
Fikr bildirish
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив