O‘zbekiston
yangiliklari

Пенсия асоссиз тўланса, айбдор фақат пенсионерми?

Пенсия асоссиз тўланса, айбдор фақат пенсионерми?
YANGILIKLAR
16:59, 05 апрель 2020
118
0

Ҳаётда турли хил низолар учрайди. Шу боис судья ҳар бир низони чуқур ўрганиши ва қонун талаби асосида қарор қабул қилиши керак. Чунки шундай низолар ҳам учрайдики, бир қарашда, жавобгар ҳақиқатан ҳам, ноҳақдек кўринади. Аммо низонинг моҳияти чуқурроқ ўрганилса, бунинг аксини ҳам кўриш мумкин. Масалан, даъвогар Самарқанд вилояти ИИБ судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Р. Саломовдан 22 101 500 сўм ортиқча тўланган пенсия пулини ундириб беришни сўраган. Ўз навбатида, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2017 йил 20 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган ва жавобгар Р. Саломовдан 22 101 500 сўм ортиқча тўланган пенсия пули ундирилган. "Газета.uz"да реклама Мазкур фуқаролик иши апелляция ёки касссация тартибида кўрилмаган. Хўш, аслида Р. Саломов ноҳақ эдими? Бу саволга қуйида жавоб топамиз. Аниқланишича, жавобгар Р. Саломов Самарқанд вилоят ИИБ тизимида фаолият юритиб, соғлиғини йўқотгани туфайли Самарқанд вилоят Марказий ТМЭК томонидан 2006 йил 13 октябрда бир йил муддатга 2-гуруҳ ногиронлиги белгиланган. Шундан сўнг 2014 йилгача унга турли хил муддатлар билан 2-гуруҳ ногиронлиги белгиланиб келинган. 2014 йилдан эса, 3-гуруҳ ногиронлиги белгиланган. 2015 йил 1 мартдан эса, соғлиғи тўлиқ тикланганлиги боис ногиронлиги бекор қилиниб, пенсия тайинлаш тўхтатилган. Аммо Самарқанд вилояти Назорат-тафтиш бошқармаси томонидан 2013−2014 йилларда фуқароларга бирламчи ва қайта ногиронлик гуруҳининг тўғри белгиланиши юзасидан текшириш ўтказилганда, 108 нафар фуқарога Ички ишлар идораларида хизмат ўташ даврида касалланган деб ногиронлик гуруҳлари нотўғри белгилангани, бунинг оқибатида 1 463 850 700 сўм ногиронлик нафақаси ноқонуний тўлангани аниқланган. Натижада Самарқанд вилояти 40-сонли Бош ТМЭК мансабдор шахслари фуқароларга ноқонуний ногиронлик гуруҳи белгиланиши билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари учун жиноят ишлари бўйича Қи-зилтепа туман судининг 2016 йил 18 майдаги ҳукми билан жиноий жавобгарликка тортилган. Қисқаси, ана шу текшириш жараёнида Р. Саломовга ҳам 22 101 500 сўм миқдорда ортиқча пенсия тўланган деб топилади ва бу маблағни ундириш юзасидан судга даъво аризаси киритилади. Биринчи инстанция суди эса, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги қонуннинг 65-моддасини қўллаб, даъвогарнинг даъвосини қаноатлантириш ҳақида асоссиз хулосага келган. Нега деганда, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги қонуннинг 65-моддасига кўра, пенсиядан чегирмалар қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади: а) суднинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ва ҳукмлари (мулкий ундиришлар борасида), нотариал идораларнинг ижро варақалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ижроси суд ҳал қилув қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга ошириладиган бошқа ҳал қилув қарорлари ва қарорлар асосида; б) Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорига биноан — пенсионерга у томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида) ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда. Пенсионер Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг пенсиядан ортиқча тўланган суммаларни ушлаб қолиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, аниқланган қарздорлик суд тартибида, бироқ унинг аниқланиш санасидан уч йилдан кўп бўлмаган давр учун ундирилади. Қонун талабига кўра, юқорида кўрсатиб ўтилганидан ташқари бошқа ҳеч қандай ҳолатда пенсиядан чегирма ундирилишига йўл қўйилмайди. Бундан ташқари пенсиядан чегирма ундириш миқдори пенсионерга тўланиши лозим бўлган пулдан ҳисоблаб чиқарилади. Ҳар ойлик чегирма миқдори эса, пенсиянинг 50 фоизидан ошиши мумкин эмас. Ортиқча тўланган пенсия пули бўйича қарздорлик тўлиқ узилгунга қадар пенсия тўлаш тўхтатилган ҳолларда (масалан, меҳнат қобилияти тикланганлиги туфайли) қолган қарз суд тартибида ундирилади. Шу ўринда Р. Саломов масаласига қайтадиган бўлсак, биринчи инстанция суди жавобгарга ортиқча пенсия тўлангани ҳақида хулосага келган бўлса-да, аслида — жавобгарга тўланган ортиқча тўлов ҳисобланмаган, балки ТМЭК хулосаси асосида белгиланган ногиронлик гуруҳи бўйича тўланган. Бундан ташқари фуқароларга ноқонуний ногиронлик гуруҳи белгилангани сабабли ТМЭК мансабдор шахслари жиноий жавобгарликка тортилган бўлса-да, бунда пенсия тайинланган фуқаролар, шу жумладан, жавобгар Р. Саломовнинг айби бўлмаган ва у жиноий жавобгарликка тортилмаган. Аксинча, судга тақдим этилган Самарқанд вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказининг 2019 йил 20 сентябрдаги 671-сонли ва 25 сентябрдаги 685-сонли маълумотномасида жавобгар Р. Саломовни 2007 йил 11 майдан 24 июнгача, 2010 йил 22 сентябрдан 19 октябргача, 2011 йил 10 октябрдан 24 ноябргача, 2012 йил 15 ноябрдан 19 декабргача, 2014 йил 23 июндан 23 сентябргача, 2015 йил 8 январдан 26 февралгача сил касаллиги бўйича стационар даволангани қайд этилган. Бундай ҳолатда Р. Саломовга ногиронлик гуруҳи нотўғри тайинланган деб бўлмайди. Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 1026-моддасига кўра, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар, ҳаёт ёки соғлиққа етказилган зарар товони, алиментлар ва фуқарога турмуш кечириш воситаси сифатида берилган бошқа пул маблағлари, унинг томонидан виждонсизлик қилинмаганда ва ҳисоб-китобда хатолар бўлмаганда, асоссиз орттирилган бойлик сифатида қайтариб берилмайди. Олий суд Пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги «Давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарори 26 ва 27-бандларида жиноят содир қилингани натижасида пенсиянинг ортиқча тўланиш ҳолатлари вужудга келганида ортиқча тўланган сумма давлатга етказилган зарар сифатида айбдор деб топилган шахсдан ундирилиши лозимлиги, Фуқаролик кодексининг 1030-моддасига мувофиқ, фуқаро томонидан виждонсизлик қилинмагани ва ҳисоб-китобда хатолар бўлмагани аниқланса, унга берилган пенсиялар, нафақалар асоссиз орттирилган бойлик сифатида қайтарилмаслиги ҳақида тушунтириш берилган. Жавобгар Р. Саломов ўзига тайинланган пенсия бўйича айбдор эканини исботловчи далиллар бўлмагани сабабли даъвогарнинг даъвоси қаноатлантирилмайди. Шуларга кўра, Олий суд Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 25 сентябрдаги ажрими билан суднинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвогарнинг даъвосини рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинди. Акмал МУРОДОВ, Ўзбекистон Олий суди судьяси

Fikrlar (0)
Fikr bildirish
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив