O‘zbekiston
yangiliklari

Оллошукурованинг шифохонага ётқизилиши танқидлари билан боғлиқ эмас — Алламжонов

Оллошукурованинг шифохонага ётқизилиши танқидлари билан боғлиқ эмас — Алламжонов
YANGILIKLAR
17:04, 05 апрель 2020
104
0

Хоразм вилояти психоневрологик диспансерида блогер ва инглиз тили ўқитувчиси Нафосат Оллашукурованинг мажбурий касалхонага ётқизилиши унинг танқидий материаллари билан боғлиқ эмас. Бу ҳақда сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов маълум қилди. Аввалроқ, «Газета.uz», экспертларнинг фикрига кўра, Нафосат Оллашукуровадаги руҳий бузилишни стрессли вазият келтириб чиқаргани ва унинг вақтинчалик экани ҳақида ёзган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош психиатри Левон Амбарцумов ҳар ким беморнинг аҳволига тушиб қолиши мумкинлигини таъкидлади. Учрашувда Kun.uz журналисти Жамшид Ниёзов танқидий материаллар билан чиқиш қиладиган одамга бундай ташхис қўйиш эҳтимоли қанчалик катта эканлигини сўради, чунки «тушкун кайфият» ва «руҳий бузилиш» ҳар қандай одамда аниқланиши мумкин. У оммавий ахборот воситалари ва блогерларнинг «СССРда кенг тарқалган жазоловчи психиатрия» ҳақида ёзганларини эслатиб ўтди. Комил Алламжонов бу саволни провокацион деб атади: «Энди бу шунақа саволки, кимга сўз беришниям билмайман. Ахир бу ердагилардан кимдир агар танқид қилсанг, эртага сен ҳам шу ҳолатга тушасан, демайди-ку? Аслида ҳолат унақа эмаслигини кўриб турибсиз-ку?! Кейин танқидни фақат Нафосат Оллошукурова қилмаяпти. Агар танқид қилгани учун шифохонага ётқизилган бўлганда, сиз танқидлар бўйича чемпионсиз. Сизнинг қилган танқидларингиздан мен ҳам қолмаганман, агентлигимиз ҳам қолмаган, умуман, сиз тегмаган соҳа йўқ. Лекин мана, бинойидай ўтирибсиз, юрибсиз, ҳеч ким сизга эътироз билдираётгани йўқ». "Газета.uz"да реклама АОКА раҳбари агентлик ишлаётганига қарамай, жамоатчиликда танқидий материаллар туфайли касалхонага мажбуран ётқизилиши мумкинлиги ҳақидаги фикр шаклланаётганидан афсусда эканлигини айтди. «Лекин агарда сизнинг фикрингиз шунақа бўлса, Ўзбекистонда советлар давридаги нарсалар қайтяпти қабилидаги фикрларни илгари сурадиган бўлсангиз, мен фақатгина минг афсус дейман. Минг афсус, эссиз бизнинг меҳнатимиз, эссиз бизнинг агентлик ҳимоя қилади деб шунча ўтказаётган тадбирларимиз, эссиз қонунчиликка киритаётган ўзгаришларимиз. Битта ҳолат йўқки, биз назаримиздан, назоратимиздан четда қолдирган бўлсак. Нега бизга Президент администрацияси ҳузуридаги агентлик мақоми берилди? Чунки муаммо жуда кўп. Босимлар бўлаётганини биламиз. Давлат органлари ходимлари танқидни кўтара олмаётган ҳолатлар бўлаётганини биламиз. Буни тан оляпмиз. Мана яқинда ОБСЕ (ЕХҲТ) элчилари келгандаям мен буни очиқчасига айтдим. Агар менинг маърузамни эшитган бўлсангиз, сизга қизиқ бўлган бўлса, мен шу ерда ҳаммасини гапирдим», — деди Комил Алламжонов. «Лекин илтимос қиламанки, ўртоқ Kun.uz мухбири Жамшиджон, провокацион саволлардан йироқ бўлинг. Бу ҳақиқий провокацион савол», — дея таъкидлади АОКА раҳбари.

Fikrlar (0)
Fikr bildirish
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив