O‘zbekiston
yangiliklari

Ўқитувчилар малакасини оширишда янги тартиблар жорий этилади

Ўқитувчилар малакасини оширишда янги тартиблар жорий этилади
YANGILIKLAR
17:05, 05 апрель 2020
114
0

Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқитувчилар билимини аниқлаш мақсадида Сирдарё вилоятида тест синовлари ўтказилди. Унда вилоятдаги 12261 нафар педагог ва мактаб директорларининг 66 фоизи қониқарсиз баҳо олди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди . Тадбирда халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров, вазирлик марказий аппарати ходимлари Мирзоҳид Ибрагимов ва Ҳикматулла Даминов, шунингдек Авлоний номидаги Халқ таълими ходимлари малакасини ошириш институти ходими Фарҳод Каримов иштирок этди. Алишер Умаровнинг қайд этишича, ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнат ва даврий нашрларга мажбурий обунаси билан боғлиқ масалалар ўтмишда қолди. Эндиликда вазирлик олдидаги асосий вазифа таълим сифатини ошириш ва ўқитувчиларининг жамиятдаги обрўсини кўтаришдан иборатдир. Мамлакатдаги 10 мингдан зиёд мактабларда 466462 нафар ўқитувчи фаолият кўрсатмоқда. уларнинг 3,1 фоизи олий, 14,6 фоизи биринчи тоифали. 13,4 фоиз педагоглар олий маълумотга эга эмас. Вазирлик фикрича, бу ўқитувчилар ўз устида ишламаётганидан дарак беради. «Таълим сифати бўйича намунали вилоят» лойиҳаси амалга оширилаётган Сирдарё вилоятида ўқитувчи ва мактаб директорининг ярмидан кўпи тест синовларидан ўта олмади. Бу тест синовларига ўқитувчилар учун давлат тили ва мутахассислик фани, директорлар учун эса давлат тили ва бошқарув бўйича билимлар киритилган эди. Ушбу ўқитувчи ва директорлар учун малака ошириш бўйича йиллик индивидуао режалар ишлаб чиқилди. Худди шундай лойиҳа Сурхондарё вилоятида ҳам ўтказилмоқда. Ўқитувчиларни рағбатлантириш учун уларнинг маошлари 2,5 баробарга оширилди ва ҳозирда олий тоифали ўқитувчи 2,6 млн сўм ойлик олмоқда. Президент қарори билан халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчиларига бир марталик мукофот жорий этилди. Хусусан, олтин медални қўлга киритган ўқувчи 111,5 млн сўм, ўқитувчиси эса 100 млн сўмдан зиёдроқ миқдорда мукофот олади. Яқинда кимё бўйича халқаро олимпиадада кумуш медал соҳиби бўлган ўқувчига 66,9 млн сўм, ўқитувчисига эса 55,75 млн сўм топширилди. "Газета.uz"да реклама Таълимда янги услублар локомотиви бўлиши керак бўлган методистлар ўз вазифаларини бажараётгани йўқ ва асосан ўқитувчиларнинг қоғозларини текшириш билан шуғулланмоқда, дейилди тадбирда. Бунга ойлик маошларининг камлиги натижасида ушбу лавозимларга тажрибали ўқитувчиларни жалб қилиш қийин бўлаётгани сабаб қилиб кўрсатилди. Вазирлик методист лавозими ўрнига олий тоифали ўқитувчидан 1,35 баравар кўпроқ маош оладиган ментор лавозимини жорий этишни таклиф қилмоқда. Ўқитувчилар малакасини ошириш тизимини яхшилаш учун Авлоний номидаги институт негизида Халқ таълими академияси ташкил этилади. Ҳудудий малака ошириш институтлари педагогик маҳорат институтлари этиб қайта ташкил этилади. Мустақил малака оширишни тан олиш тизими ҳамда ҳар бир педагогнинг малака оширишини индивидуал мониторинг қилиш бўйича электрон платформа жорий этилади. Анъанавий малака ошириш билан бир қаторда касбий ўқувларнинг масофавий (Moodle, E-learning, Web-based training) ва уйғунлашган (blended-learning) шаклларини, шунингдек, халқ таълими ходимлари малакасини оширишнинг белгиланган даврийликка риоя қилинган ҳолда, тажриба тариқасида, ходимларни ҳар йили ўқишга жалб қилишни назарда тутувчи кредит-модуль механизмини босқичма-босқич жорий этиш таклиф этилмоқда. Вазирлик маълумотларига кўра, жорий йилда илк бор 5800 нафар ўқитувчи масофавий малака ошириш курсларида иштирок этди, мураббий сифатида АҚШ, Буюк Британия, Германия ва бошқа давлатлардан мутахассислар жалб этилди. Халқаро рейтингларда энг кучли 500 та ОТМлар битирувчилари мактабларда қайта тайёрлашларсиз сабоқ беришлари мумкин. Миллий ОТМларнинг барча йўналишларидаги магистратура битирувчилари ҳам худди шундай ҳуқуққа эга — бунинг учун магистратура дастурларига педагогика бўйича курслар киритилди. Вазирлик 2021 йил 1 январдан бошлаб халқ таълими муассасалари раҳбарлари учун даврийлиги 3 йилдан иборат, ўқитувчилар учун даврийлиги 5 йилдан иборат мажбурий касбий лицензиялаш тартиби босқичма-босқич жорий этишни ҳам таклиф этмоқда. Алишер Умаров ўқитувчиларни лицензиялаш АҚШ, Буюк Британия, Франция, Жанубий Корея, Япония, БАА каби давлатларда ҳам мавжуд экани, ушбу давлатларда ОТМ дипломлари мактабда ишлаш учун етарли эмаслигини таъкидлаб ўтди. Қайд этилишича, малака тоифаси бўлмаган ўқитувчи касбий лицензия олганидан сўнг унинг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчиларга тенглаштирилади. «Тажриба шуни кўрсатяптики, олий ўқув юрти дипломига эга мутахассис ҳар доим ҳам мактабда дарс беришга тайёр бўлмайди. Мисол учун, мутахассисда педагогик ва болалар билан ишлаш кўникмаси йўқ. Болалар психологиясини билмайди. Натижада ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида турли низолар келиб чиқмоқда. Лицензиялаш тартиби жорий этилиши малакали, билимли, педагогик маҳоратга эга ва психологик билимга эга ўқитувчиларни танлаш имконини беради. Бу билан биз болаларни ҳимоя қиламиз ва таълим сифатини таъминлаймиз», — дейилади ХТВ хабарида.

Fikrlar (0)
Fikr bildirish
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив