O‘zbekiston
yangiliklari

Бош прокуратура нон нархи ошишига сабаб бўлган омилларни маълум қилди

Бош прокуратура нон нархи ошишига сабаб бўлган омилларни маълум қилди
YANGILIKLAR
17:04, 05 апрель 2020
115
0

Ўзбекистон Бош прокуратураси қолипли нон нархининг кўтарилишига сабаб бўлган омилларни санаб ўтди . Вазирлар Маҳкамасининг 14 октябрдаги қарори билан ғалла етиштириш, ун ва нон ишлаб чиқариш тизимига бозор механизмлари жорий этилди. 15 октябрдан эса «Ўздонмаҳсулот» тизимидаги ташкилотлар томонидан 2019 йил ҳосилидан тайёрланган ва ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойдан бошқа ғалла истеъмолчиларининг барча тоифаларига фақат биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз сотилиши белгиланди. Бунга қадар, Бош прокуратура матбуот хизматининг қайд этишича, аҳолининг унга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун давлат томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчилардан ғаллани паст нархларда сотиб олиш механизми амал қилган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг ҳар ойлик баёни асосида қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга ёпиқ биржа савдолари орқали маҳаллий буғдой уни сотиб келинган. Давлат эҳтиёжлари учун сотиб олинган ғалла нархи 2017 йилда — 550, 2018 йилда — 750, 2019 йилда эса — 1420 сўм этиб белгиланган. «Оқибатда фермерлар ва дон корхоналарининг иқтисодий зарар кўриши, улар моддий-техника базаларини яхшилай олмасликлари, ҳосилдорликни оширишга бўлган рағбатнинг тушиб кетишига олиб келди», — дейилади баёнотда. "Газета.uz"да реклама Кўп йиллар давомида амал қилиб келган мазкур тизимдан кўзланган асосий мақсад аҳолини арзон нархли қолипли нонга бўлган эҳтиёжини қондиришдан иборат бўлиши билан бирга, турли коррупциявий схемаларнинг вужудга келишига, арзон нархларда сотиб олинган ундан қолипли нон ишлаб чиқармасдан унни бозорларда сотиш орқали мўмай даромад олинишига, маҳаллий уннинг аҳолига қатъий ўрнатилган давлат нархларида етиб бормаслигига олиб келган. «Оҳангарон дон» АЖ бошқаруви мансабдор шахслари томонидан 2011−2018 йиллар давомида аҳоли эҳтиёжлари учун қолипли нон ишлаб чиқарилиши лозим бўлган жами 18,6 млрд сўмлик ун ва дон маҳсулотлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган. Ушбу ҳолат юзасидан айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган. Шунингдек, «Қорақалпоқ дон маҳсулотлари» АЖ мансабдор шахслари томонидан 2018−2019 йиллар давомида ҳар бир қопи 87.5 минг сўмдан сотилиши белгиланган 6 134 қоп ун маҳсулотларини 110 минг сўмдан, жами 674,7 млн. сўмга сотиб, 138 млн. сўм пул маблағларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги ҳолати юзасидан 17.10.2019 йилда қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ёқилғи, энергетика ва газ нархининг йилдан-йилга ошиб бориши ишлаб чиқарилаётган ун ва нон тан нархи қимматлашувига олиб келмоқда. Хусусан, 2017 йилда ун ишлаб чиқарувчи корхоналарга 1 кВт соат электр энергияси нархи 204,3 сўм этиб белгиланган бўлса, 2019 йилга келиб 450 сўмни (120,4 фоизга ошган) ташкил қилмоқда. «Ўздонмаҳсулот» АЖ корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган ва биржа савдоларига қўйилган ун ҳажми истеъмолчилар талабига мутаносиб эмас. Республика аҳолисининг 2018 йилда ун маҳсулотларига бўлган йиллик талаби 3,2 млн тоннани (бир ойлик 267 минг тонна) ташкил қилиб, республикада 2,9 млн тонна (92%) ун ишлаб чиқарилган (1,5 млн тоннаси «Ўздонмаҳсулот» АЖ, 1,4 млн тоннаси хусусий ишлаб чиқариш корхоналари). Ёки, жорий йилнинг ноябрь ойи учун биржа савдосига қўйилган ун миқдори 144 минг тоннани (аҳоли эҳтиёжининг 54%) ташкил этиб, истеъмолчиларнинг унга бўлган 123 минг тонна (46%) қўшимча эҳтиёжлари хусусий корхоналар томонидан ун ишлаб чиқариш, шунингдек, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва бошқа давлатлардан импорт қилиш ҳисобига таъминланмоқда. «Ўздонмаҳсулот» АЖ таркибидаги мавжуд 44 та корхонанинг ўртача йиллик қуввати 2,3 млн тонна ун ишлаб чиқаришни ташкил этсада, корхоналар тўлиқ қувватда ишламаётганлиги сабабли 2018 йилда 1,5 млн тонна (65%) ун ишлаб чиқарилган. Оқибатда, «Ўздонмаҳсулот» АЖ корхоналари томонидан биржа савдоларига қўйилиши режалаштирилган ун ҳажми тўлиқ таъминланмаяпти. Жумладан, жорий йил 23 октябрь куни жадвал асосида биржа савдоларига қўйилиши режалаштирилган кунлик 6700 тонна ун ўрнига 5785 тонна ун (86%) савдога қўйилган. (24 октябрь куни режага нисбатан 716 тонна, 29 октябрь куни 803 тонна, 30 октябрь куни 792 тонна кам ун қўйилган). «Ўздонмаҳсулот» АЖ томонидан ун ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг харажатларини 18,9 млрд сўмга мақбуллаштириш ҳамда маҳсулот таннархини 10,3 фоизга арзонлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлсада, амалда ун таннархининг арзонлашиши таъминланмаган. Юқорида келтирилган омилларнинг барчаси биржа савдоларида маҳаллий ун ва қолипли нон нархининг ошишига олиб келган, дейилади Бош прокуратура баёнотида. Аввалроқ президент жойларда нон ишлаб чиқариш таннархини камайтириш учун барча чораларни амалга ошириш бўйича топшириқ берган эди. Қолипли нон нархи Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида 2000 сўмдан ҳам ошиб кетди. Давлат раҳбари, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ун ва қолипли нон сотиб олиш учун қўшимча харажатларни қоплаш бўйича товон пулини тўлашга ҳам топшириқ берди. 1 октябрдан унинг миқдори 50 минг сўм этиб белгиланди, дея аниқлик киритди Бош прокуратура.

Fikrlar (0)
Fikr bildirish
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив