O‘zbekiston
yangiliklari

Абдуллоҳ Тоҳировнинг бедарак йўқолиши тафсилотлари

Абдуллоҳ Тоҳировнинг бедарак йўқолиши тафсилотлари
YANGILIKLAR
17:03, 05 апрель 2020
111
0

Андижон вилояти Жалақудуқ туманида истиқомат қилувчи 20 ёшли Абдуллоҳ Тоҳиров 26 октябрь куни вилоят Ички ишлар бошқармасига чақирилганидан сўнг бедарак йўқолди. Бу ҳақда биринчи бўлиб «Эзгулик» ҳуқуқни ҳимоя қилиш жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов хабар қилди . Бедарак йўқолган йигитнинг отаси Дилмурод Тоҳировнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, 26 октябрь куни тахминан 7:00 да Қўрғонтепа туманида «Андижон-Қўрғонтепа» йўлида Lacetti ва Nexia-2 автомобиллари ўртасида тўқнашув содир бўлади. Унинг ўғли ишончнома асосида қариндошига тегишли бўлган Lacetti автомобилини бошқарган. Абдуллоҳ Тоҳиров амакиси Исломбек Тоҳировга қўнғироқ қилиб, ҳодиса ҳақида маълум қилади. Амакиси ЙТҲда Абдуллоҳ Тоҳиров айбдор бўлгани сабабли етказилган зарарни қоплашни айтади. Дилмурод Тоҳиров устахонага иккинчи автомобиль ҳайдовчисига етказилган зарарни қоплаш ва янги эҳтиёт қисмларни сотиб олиш учун келади. Nexia-2 автомобилини кўздан кечириши вақтида унинг юкхонасида VSF тоифасидаги давлат рақами борлигини кўради. Бундай рақамлар одатда Ички ишлар вазирлиги бўлинмалари автомобилларига тақилади. Фото: Умидбек Давлатов. ЙТҲда зарар кўрган Lacetti автомобили. "Газета.uz"да реклама «Эҳтиёт қисмларини сотиб олгандан кейин бошқа устага кўрсатиш учун Nexia-2ни видео олдим, чунки бу уста қиммат нарх айтди. Машина вилоят ИИБдаги юқори лавозимли амалдорга (тахминларга кўра вилоят ИИБнинг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Эргашевга) тегишли экани маълум бўлди. Бу ҳақда билганимиздан кейин ёзувларни тезда ўчирдик. Биз айтилган нархга рози бўлдик ва уйга қайтдик», — деди Дилмурод Тоҳиров. Қўрғонтепадан Жалақудуққа қайтишда Дилмурод Тоҳировга бир неча марта укаси қўнғироқ қилиб, Абдуллоҳни ички ишлар органлари ходимлари излаётганини айтади. «Уйга етиб келганимда ўғлимнинг телефонини олиб, уни синдириб ташладим. Чунки у автомобилни бошқараётганда тез-тез телефонга чалғийди. Бир неч ой аввал шу сабабли авария содир этган эди. Мен бу сафар ҳам ҳаммаси телефон сабабли бўлди, деб ўйладим», — деди Дилмурод Тоҳиров. 18:00 атрофида Абдуллоҳ Тоҳиров қариндошлари билан Андижон вилоят Ички ишлар бошқармасига боради. Йўлда уларга Андижонга кузатиб қўйиш учун Жалақудуқ туман ИИБ ходими Фарруҳ Юсупов ҳам қўшилади. Дилмурод Тоҳиров турмуш ўртоғи билан вилоят ИИБга боради, у ерда улардан камерали мобил телефонни олиб келишлари сўралади. Улар ускуна учун уйга қайтишга мажбур бўладилар. Улар ортидан эса бир неча ИИБ ходими келиб, уйда тинтув ўтказади. Тинтув вақтида Жалақудуқ туман ИИБ ходими Фарруҳ Юсупов, участка нозири Нозимдон ва бир неча киши бўлади. «Ярим тунга яқин тинтув тугади. Ўша синган телефон, кичкина компьютер ва флешкани олишди. Қайнукам машинани созлаган устага қўнғироқ қилди. У: „Ўзларингиз айбдорсизлар. Нега видеога олдингиз? Буни қилмаслик керак эди“, — дейди. Ходимлар биздан видеоёзувни нима қилганимиз, қаергадир тарқатганимизни сўрашди. Шунда тушуниб етдимки, иш айнан автомобилни видеога олиш билан боғлиқ», — деди Абдуллоҳнинг отаси. Унинг сўзларига кўра, ИИО ходимлари 10−15 дақиқа Исломбек Тоҳировдан видеоёзув ҳақида сўраган. «Шундан кейин ходимлар бошлиғига — Қаҳрамон Эргашевга ҳисобот беришди, у эса яна бир марта Исломбек Тоҳировга қўнғироқ қилиб, ундан ёзув ҳақида батафсил сўрайди. У биз ҳеч нарса тарқатмадик, деб айтади. Эртасига эрталаб бизга ўғлимни юқоридаги раҳбарият сўроқ қилиши учун Тошкентга олиб кетишаётганини хабар қилишди», — деди Дилмурод Тоҳиров. Терроризм ва экстремизга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Эргашев биринчи куни бедарак йўқолган Абдуллоҳнинг оиласи билан боғланиб, Абдуллоҳнинг тез орада чиқиши ва шу боисдан хавотир олмасликларини айтади. «У ўғлим Россияда кимнидир сўкканини айтди. Ваҳоланки у ерга ўтган йилнинг ноябрида бориб, май ойида қайтган эди. Орадан олти ой ўтди. Иккинчи куни шу сабабни такрорлади. Биз унга ўғлимни бир кундан кейин қўйиб юборишларини айтгани, бироқ бундай бўлмаганини эслатдик. Қаҳрамон Эргашев телефонда ҳаммасини айта олмаслигини айтди», — дея маълум қилди Адуллоҳнинг отаси. Дилмурод Тоҳировнинг қайд этишича, Қаҳрамон Эргашев билан юзма-юз учрашганда Абдуллоҳ Тоҳировнинг бошқа сабаб билан қўлга олинганини айтади. «У укамнинг олдига келиб, унга ўғлим президентнинг оиласини ҳақорат қилганини шипшитиб айтди. Мен бу гапларга ишонмадим, буни биз ҳеч қаерга мурожаат қилмаслигимиз учун қўрқитишга уриниш сифатида қабул қилдим. Менинг ўғлим нима учун президент оиласини ҳақорат қилар экан? Ўғлим ундай болалардан эмас, бу ёлғон. Унинг Тошкент бўйича ҳам алдаётганини тушундим. Чунки у ўғлимни Тошкентдаги махфий жойда тутиб туришганини айтди», — деди у. Абдуллоҳ Тоҳиров. Дилмурод Тоҳиров 30 октябрь куни Тошкентга боради ва у ерда Simay Kom фирмаси адвокати Умидбек Давлатов билан шартнома тузади. Адвокат «Газета.uz»га Абдуллоҳ Тоҳировнинг жойи ҳақидаги маълумотларни олиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судларга қилинган мурожаатлар натижа бермаганини маълум қилди. «Биз Андижонга бордик, Андижон вилояти прокуратурасига, вилоят ички ишлар бошқармасига мурожаат қилдик, маъмурий судларни текширдик, ҳибсга олиш ва тинтув учун санкция бериш тўғрисидаги маълумотни текшириб кўрдик, «15 кунликлар»га (махсус қабул қилувчилар — таҳр.), қамоқхоналарни кўздан кечирдик — тополмадик. Бугунги кунга қадар бирорта ҳам расмий жавоб олганимиз йўқ», — дея таъкидлади Умидбек Давлатов. Ҳимоячининг сўзларига кўра, Жалақудуқ туман ИИБ ходими Фарруҳ Юсупов гўёки Абдуллоҳ Тоҳиров 11 ноябрь куни озодликка чиқиши, унга қадар шовқин кўтармаслик кераклигини айтган. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов «Газета.uz»га бу масалада изоҳ бера олмаслигини маълум қилиб, буни бошқа идора шуғулланаётгани билан боғлади. «Айни вақтда бу идора матбуот учун маълумотларни тайёрламоқда, тез орада уни эълон қилиш режалаштирилмоқда», — деди у. Бош прокуратура вакили эса маълумотга эга эмаслигини маълум қилди. Таҳририят Андижон вилоят ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Эргашев билан боғлана олмади.

Fikrlar (0)
Fikr bildirish
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив