Ўзбекистонда жамоат саломатлиги ва СЭН бўйича алоҳида ОТМ ташкил этилади

Ўзбекистонда жамоат саломатлиги ва санитария-эпидемиология назорати йўналишида алоҳида ОТМ ташкил этилади. Бундан ташқари, Россия ва Туркия университетларининг филиаллари ва клиникалари ҳам очилади.

Ўзбекистонда жамоат саломатлиги ва санитария-эпидемиология назорати хизматлари соҳасида олий маълумотли кадрларни тайёрлаш бўйича алоҳида тиббиёт олий таълим муассасаси ташкил этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котибининг хабар қилишича, бу президентнинг «Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қароридан ўрин олган.
Ҳужжатга кўра, янги тиббиёт олий таълим муассасасини ташкил қилиш ва ўқув жараёнини 2020/2021 ўқув йилидан бошлашни назарда тутадиган президент қарори лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилиши лозим.
Бундан ташқари, 2021 йил 1 январга қадар Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети ва Туркия Бахчишеҳир университетининг филиаллари ва клиникаларини ташкил этиш, шунингдек, халқаро рейтингларга кирувчи нуфузли хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида халқаро факультетлар ва филиалларни очиш чоралари кўрилади.
Шунингдек, Халқаро Вестминстер ва Акфа университетларини жалб қилган ҳолда, ушбу университетлар ҳамда тиббиёт олий таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб соғлиқни сақлаш соҳаси учун менежер мутахассисларни тайёрлаш бўйича магистрлик йўналиши очилади.
Жорий йил 1 сентябрдан эса Нукус, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарларида жойлашган тиббиёт олий таълим муассасаларида белгиланган тартибда фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини берувчи илмий кенгашлар ташкил этилади.
Место для вашей рекламы