Давлат гранти асосидаги қабул ҳудудий эҳтиёжга қараб белгиланади

2020−2021 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт соҳасидаги бакалавриатнинг «Даволаш иши», «Педиатрия иши» ва «Касбий таълим (даволаш иши)» йўналишлари бўйича давлат гранти асосида қабул квоталари туман ва шаҳарлар кесимида шакллантирилади.

Президент қарорига кўра янги ўқув йилида бошлаб тиббиёт йўналишида давлат гранти асосида қабул квоталари ҳудудларнинг шифокорларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
2020−2021 ўқув йилидан бошлаб бакалавриатнинг «Даволаш иши», «Педиатрия иши» ва «Касбий таълим (даволаш иши)» йўналишлари бўйича давлат гранти асосида қабул квоталари туман ва шаҳарлар кесимида шакллантирилади.
Битирувчиларни яшаш бўйича рўйхатга олинган жойидан қатъий назар қабул квотасида кўрсатилган туман ёки шаҳарда камида 5 йил ишлаш мажбурияти киритилади ва истисно ҳолатларнинг рўйхати белгиланади.
Врачларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун келгуси ўқув йилида бакалавриат ва магистратурага давлат гранти асосида ўқишга қабул параметрлари 50 фоизгача оширилади.

2020−2021 ўқув йилидан бошлаб клиник ординатура талабаларининг битирув курсини ҳудудий тиббиёт марказларида ташкил этиш тизими йўлга қўйилади. Ушбу чоралар амалиётга йўналтирилган тиббий таълимни ривожлантириш ва ҳудудларни тор мутахассисликлар бўйича врачлар билан таъминлашга хизмат қилади.
Бакалавриат ва магистратура ўқув режаларидаги мутахассисликка оид бўлмаган фанлар 2 баробарга қисқартирилади ва ўрнига замонавий диагностика ва даволаш усулларини ўрганиш фанлари киритилади.
1 августга қадар мутахассислик йўналишларида асосий ҳисобланган халқаро тан олинган муаллифларнинг адабиётлари ҳамда профилактика, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини қўллаш бўйича хорижий дарсликларни ўзбек тилига таржима қилиш асосида тиббиёт олий таълим муассасалари ўқув дастурлари такомиллаштирилиши ҳам белгиланган.
Шунингдек, эндиликда тиббиёт олий таълим муассасаларининг даволаш ишлари проректорлари бир вақтнинг ўзида ушбу таълим муассасаси клиникаларининг бош шифокорлари сифатида ҳам фаолият юритишади.
Место для вашей рекламы