ЎзЛиДеП Абдулла Ариповни бош вазирликка номзод қилиб кўрсатди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) амалдаги мамлакат бош вазири лавозимига амалдаги ҳукумат раҳбари Абдулла Арипов номзодини илгари сурди. Овоз бериш шанба куни Тошкентда партия сиёсий кенгаши йиғилишида бўлиб ўтди, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири. Қонунчиликка кўра, бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловларда энг кўп ўрин олган сиёсий партия (ёки энг кўп тенг миқдорда ўринга эга бўлган бир нечта партиялар) томонидан таклиф этилади. ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов йиғилишда сўзга чиқиб, ўтган сайловларда партия 150 депутатлик ўрнидан 53тасини қўлга киритганини ва тўртинчи марта парламентдаги энг катта фракцияни ташкил этганини таъкидлади. "Газета.uz"да реклама Партия томонидан тақдим этилган номзод Ўзбекистон президенти томонидан кўриб чиқилиши ва 10 кун ичида уни Олий Мажлис палаталарига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этилиши керак. Олий Мажлисда унинг номзодини кўриб чиқиш чоғида ҳукумат раҳбари лавозимига номзод Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ муддатга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпроғи овози берса, номзод тасдиқланган деб ҳисобланади. Абдулла Арипов (1961 йилда туғилган) 2016 йил декабрь ойида Ўзбекистон ҳукуматига раҳбар бўлган эди. 10 йилдан ортиқ муддат — 2002 йил майдан 2012 йил августгача бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган. Бунга параллел равишда 2005−2009 йилларда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигини бошқарган. 2016 йил сентябрь ойида мамлакатда янги президент сайланганидан кейин Абдулла Арипов ҳукуматга бош вазир ўринбосари ва Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплекси раҳбари сифатида қайтди.

Место для вашей рекламы