Журналист Давлат Назарни машинада уриб кетган ҳайдовчига ҳукм ўқилди

19 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди хоразмлик журналист Давлат Назар (Давлатназар Рўзметов)ни машинасида уриб кетган ҳайдовчи Умидбек Сапаровга уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Шунингдек, у автомобилни 1,5 йил муддатга бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бу ҳақда марҳумнинг дўсти, судда гувоҳ сифатида сўроқ қилинган Умидбек Давлатов «Газета.uz»га хабар берди. Суд ҳукми билан «Хоразм инвест» МЧЖда ишлаган ҳайдовчи Ўзбекистон Жиноят кодекси 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилди. Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, суд марҳумнинг турмуш ўртоғи судланувчига нисбатан даъвоси йўқлиги инобатга олган. У Умидбек Сапаровнинг икки нафар вояга етмаган фарзандини якка боқувчисиз қолдирмасликни судьядан сўраган. Судья қарор чиқаришда ҳайдовчининг муқаддам судланмаганини ҳам инобатга олган. "Газета.uz"да реклама 2019 йил 7 ноябрда «ГАЗель» автомобили иштирокидаги ЙТҲда 48 ёшли Давлатназар Рўзметов бош тана қисмидан жароҳат олиб, воқеа жойида вафот этганди. Марҳум журналист турли йилларда «Жамият» газетасида мухбир, «Хоразм ёшлари» газетасида эса муҳаррир ўринбосари лавозимида ишлаган.

Место для вашей рекламы