Жиноят судида илк бор болаларга дўстона муҳитли тергов хонаси очилди

Ўзбекистон Олий суди ва ЮНИСЕФ илк бор судда ишлар кўрилаётган вақтда жабрланувчи ёки жиноят гувоҳи бўлган болаларга дўстона муҳитли хонани ташкил этдилар. У Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судида фойдаланиш учун топширилди, дея хабар қилди халқаро ташкилот матбуот хизмати «Газета.uz»га. Болаларнинг ёши, етуклиги ва руҳий ҳолати эътиборга олинган ҳолда, улар ўзларини эркин ва хавфсиз сезишлари учун мазкур хона қулай муҳитни таъминлайди. Болаларга рухий шикаст етказиш эҳтимолини имкон қалар камайтириш мақсадида хона замонавий видео ва аудио тизими билан жиҳозланган. Бундай чоралар жабрланувчи ёки жиноят гувоҳи бўлган бола суд муҳокамасида иштирок этаётганида у фақатгина суья билан гаплашиб, бошқа суд иштирокчилари билан ҳар қандай мулоқот қилишини истисно этади. «Суд босқичида болаларга дўстона муҳитли ушбу хонанинг очилиши БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг қонун билан алоқада бўлган болаларни ҳимоя қилиш чораларини кўриш бўйича Ўзбекистонга йўллаган тавсияларини амалга оширишдаги катта қадамдир», — деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. "Газета.uz"да реклама «Агар биз жабрланувчи ёки жиноят гувоҳи бўлган болани рухий шикастланишдан ҳимоя қилмоқчи бўлсак, биз камида икки нарсага амин бўлишимиз керак. Биринчидан, суҳбат ёки тергов учун муҳит дўстона бўлиши керак. Иккинчидан, суд муҳокамасида бола судьядан бошқа суд жараёни ҳар қандай иштирокчилари, жумладан, айбланувчи билан мулоқотда бўлмаслиги керак», — деб таъкидлади у. Болалар учун адолатли судловнинг халқаро стандартларига мувофиқ, жабрланувчи ва жиноят гувоҳи бўлган болалар учун барча босқичларда — судгача, судда ва суддан кейинги даврда — махсус ҳимоя чоралари кўрилиши зарур. Бу шуни англатадики, қонунлар адолатли судлов жараёнида ушбу заиф болалар билан ўтказиладиган суҳбатлар сонини чеклаши лозим. Эслатиб ўтамиз, 2018 йил январида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида ЮНИСЕФ кўмагида болаларга дўстона муҳитли биринчи тергов хонаси очилган эди. Шу йилнинг апрелида эса Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармасида тергов ўтказиш учун махсус мажмуа ташкил этилди. Унинг хоналаридан бири болалар ўйин хонаси шаклида жиҳозланди.

Место для вашей рекламы