Жанубий Кореяга парвозлар сони камайтирилиши мумкин

Келгуси ҳафтадан бошлаб, Ўзбекистон ва Жанубий Корея авиаташуви хизмати қисман чекланади. Транспорт ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ишлаб чиқилган айни тартиб ҳукуматга келишиш учун киритилган, дея хабар бермоқда «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбалари. «Янги тартибга кўра, фақат Uzbekistan Airways икки давлат ўртасида парвозларни амалга ошириши белгиланган. Вазиятни мутахассислар баҳолаб боради, агар шароит тақозо этса, миллий авиакомпания ҳам парвозларни тўхтатади», — дея маълумот берди манба. Таъкидланишича, Тошкент-Сеул-Тошкент йўналишида парвоз қилувчи самолёт жамоалари махсус тиббий йўриққа асосан ҳаракатланади. Шунингдек, Жанубий Кореядан келувчи ҳар бир йўловчи обдон тиббий текширувдан ўтади. Пайшанба куни Сеулдан келган HY514 рейси йўловчилари Тошкент аэропорти халқаро терминалининг алоҳида залида вақтинча санитария изоляциясига жойлаштирилганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бир қатор зарур профилактик тадбирлар ўтказилгандан сўнг, уларда коронавирус белгилари йўқлиги тасдиқланган. "Газета.uz"да реклама Жанубий Корея Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 27 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 9:00 ҳолатида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 1595 кишини ташкил этди. Беморлар билан яқин алоқада бўлган 21 мингдан зиёд киши текширилмоқда. 13 киши оламдан ўтди. Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати Тошкентдан Жидда ва Мадинага парвозларни тўхтатди. Яқин вақтларда Саудия Арабистонидаги Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун бир қанча рейслар ташкиллаштирилади.

Место для вашей рекламы