Жанубий Корея билан кимё соҳасида илмий-тадқиқот институти ташкил этилади

Ўзбекистон президенти Жанубий Корея билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот институти ташкил этиш ҳамда Тошкент кимё технология институтида мутахассисликлар ва ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати. Президент иштирокида кимё саноатини ислоҳ қилиш бўйича истиқболли режалар ҳамда жорий йилда амалга ошириладиган асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш 24 февраль куни ўтказилди. Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда соҳани ислоҳ қилиш, корхоналар самарадорлиги ва салоҳиятини ошириш бўйича вазифалар белгиланди. Тармоқдаги ҳар бир корхона фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, маҳсулотлар сифатини ошириш, энергия сарфини камайтириш ҳисобига таннархни пасайтириш бўйича топшириқлар берилди. «Рақамли технологиялар»ни қўллаш, инсон ҳаёти учун хавфли жараёнларда автоматизация даражасини кўтариш муҳимлиги қайд этилди. "Газета.uz"да реклама Кимё соҳасида янги йўналишларини ривожлантириш, бунга хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш зарурлиги таъкидланди. Тўқимачилик, қурилиш материаллари, автомобилсозлик, истеъмол товарлари, озиқ-овқат ва фармацевтика учун зарур хомашё ишлаб чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. «Навоийазот» акциядорлик жамиятида поливинилхлорид ишлаб чиқаришни тез муддатда лойиҳа қувватига олиб чиқиш ҳамда иккинчи босқичини лойиҳалаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. «Фарғонаазот» акциядорлик жамияти, Қўнғирот сода заводи ва Деҳқонобод калийли ўғитлар заводида давлат улушини инвесторларга сотиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Кичик тоннажли кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, шу мақсадда «Навоийазот» акциядорлик жамиятида бўш турган майдонлар негизида ихтисослашган кичик саноат зонаси ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди. Йиғилишда ушбу тармоқда таълим ва илм-фанни такомиллаштириш, замонавий кадрлар тайёрлаш жуда муҳимлиги таъкидланди. Илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш, бунинг учун тадқиқотларнинг соҳа корхоналари эҳтиёжига ҳамоҳанглигини таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Место для вашей рекламы