Жаҳон банки авиация соҳасини модернизация қилишда кўмаклашади

Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки маслаҳат хизматлари тўғрисида битим имзолади. Унинг мақсади миллий фуқаролик авиациясини модернизация қилишда кўмак бериш ҳисобланади. Бу ҳақда Жаҳон банки томонидан «Газета.uz»га тақдим этилган пресс-релизда маълумот берилди. Бу томонлар ўртасида тузилган иккинчи келишувдир. Биринчи келишув шартларига мувофиқ, Банк 2019 йил август ойида маслаҳат хизматларини кўрсатишни якунлади. Янги келишувлар Жаҳон банкининг фуқаролик авиацияси бўйича миллий сиёсатни ва турли сегментларнинг ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқишда ҳукуматга кўрсатадиган ёрдамини ўз ичига олади. Ушбу жараён Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги, Фуқаролик авиацияси агентлиги, «Uzbekistan Airways «AЖ, «Uzbekistan Airports «AЖ, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан яқин ҳамкорликда амалга оширилади. "Газета.uz"да реклама «Хавфсиз, ишончли ва самарали авиация соҳаси мамлакатда савдо, бизнес ва туризмни ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади», — деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ҳидеки Мори. «Биз бу йўналишдаги ҳукумат билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлаймиз. Ишонаманки, унинг натижалари Ўзбекистон иқтисодиётининг янада ўсишига ва ривожланишига ёрдам беради». 2017 йилда ислоҳотлар дастурининг амалга оширилиши бошлангандан бери Жаҳон банки Ўзбекистонга молиявий ва техник ёрдамни кенгайтирди. Aйни пайтда банкнинг мамлакатдаги инвестиция портфелининг умумий қиймати 3,5 миллиард AҚШ долларига тенг бўлиб, 21 та лойиҳани ўз ичига олади. Улар ҳукуматнинг макроиқтисодий сиёсати, қишлоқ хўжалиги, енергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимлари, сув таъминоти ва санитария, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.

Место для вашей рекламы