Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси ватандошларни хотиржамликка чақирди

Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси ушбу мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини хотиржам бўлишга ва «Ўзбекистонга қайтишга қаратилган провокацион чақириқларга берилмасликка» чақирди . Дипломатик ваколатхона Жанубий Корея ҳукумати COVID-19 коронавируси аниқланган тақдирда хорижий фуқароларга бепул малакали тиббий ёрдам кўрсатилишини кафолатлаганини эслатиб ўтди. Корея Республикаси ҳукумати томонидан коронавирусга қарши курашиш ва унинг тарқалишини олдини олиш бўйича тиббиёт соҳасидаги энг замонавий технологиялар ва тезкор диагностика услубларини қўлланилган ҳолда қўшимча чора-тадбирлар тадбиқ этилмоқда, дейилади хабарда. "Газета.uz"да реклама 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Жанубий Корея билан ҳаво қатновига чекловлар киритди. Рейслар сони ҳафтасига биттага қисқартирилди. Жанубий Кореядан келганлар 14 кун давомида карантинга олинади. 2 март куни эрталабки маълумотларга кўра, дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 89 минг кишини ташкил этди, 3044 киши вафот этди, 44895 киши шифо топди. Хитойдаги ҳолатлар сони 80 мингдан ошди, ўлим — 2912. Жанубий Кореяда эса 4212 касалликка чалиниш ва 22 ўлим ҳолати қайд этилди. Италияда хасталанган сони энг камида 1694 киши, вафот этганлар эса 34 кишига етди, Эронда — 978 та ҳолатда 54 киши вафот этган. Коронавирус инфекциясининг олдини олиш учун Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси қуйидагиларни тавсия қилди: — жамоат жойларига чиқмаслик; — нафас олиш органларида касаллик белгилари мавжуд бўлган одамлар билан мулоқот қилмаслик; — махсус гигиеник ниқоблардан фойдаланиш; — фақат иссиқ ва яхши пиширилган таомлар истеъмол қилиш; — овқатланишдан олдин қўлларни яхшилаб ювиш; — антисептик махсулотлардан фойдаланиш; — хайвонлар олдига яқинлашишдан сақланиш; — агар иситмангиз кўтарилиб, респиратор касаллик аломатларини сезсангиз, дарҳол 1339 телефон рақамига кўнғироқ қилинг.

Место для вашей рекламы