Ўзбекистонда «Евро-4» ва «Евро-5» дизель ёнилғилари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида Евро-4″ ва «Евро-5» синфли экологик тоза ҳамда сифатли дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилади. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» компанияси матбуот хизмати хабар берди. Ҳозирги кунда заводда ишлаб чиқарилаётган нефть маҳсулотлари (автобензин ва дизель ёнилғиси) сифати Евро-2 стандарти талабларига мос келиб, унинг сифатини жаҳон стандартларига мослаш мақсадида, ҳозирда ишлатилаётган катализатор ва цеолит алмаштирилди. Заводдаги реакторга янги каталитик тизим Франциянинг Axens компанияси схемасига биноан ўрнатилди. Коронавирус пандемияси сабабли франциялик мутахассислар онлайн алоқада бўлишди ҳамда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи мутахассисларининг ўз кучи билан реакторга янги каталитик тизим ўрнатилди. "Газета.uz"да реклама Натижада 30 март куни Ўзбекистонда илк бора экологик тоза ва сифатли дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Лаборатория таҳлилларига кўра, олинган дизел ёнилғисида олтингугурт бирикмалари миқдори 3 ppm бўлиб, бу кўрсатгич Евро-5 синфига мос дизел ёнилғисига тўғри келади (10 ppm дан кўп эмас). Мазкур қурилма мавжуд технологик схемада йилига 100 минг тоннагача Евро-5 стандартидаги дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Хабарда айтилишича, «Евро-4» ва «Евро-5» ёқилғиси двигатель ишлаш жараёнини яхшилаш, емирилишни камайтириш, зарарли чиқинди газлар микдорини кескин камайтириш ва цилиндрлар ишлаш даврини узайтириш каби афзалликларга эга.

Место для вашей рекламы