Ўзбекистонда Covid-19 коронавирус беморлари сони 158 кишига етди

Айни вақтгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлик ҳолатлари сони 8 тага ошиб, 158 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот берди. Ушбу инфекция 12 мартда Туркияда бўлиб, касаллиги тасдиқланган бемор билан яқин мулоқотда бўлган 2 нафар наманганлик, иккинчи марҳум билан яқин мулоқотда бўлган асли навоийлик 2 нафар кишида, яъни она ва болада, шунингдек, беморлар билан мулоқотда бўлган 4 нафар тошкентлик фуқарода аниқланган. Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, ҳозирги кунда 22 та беморда пневмония аломатлари кузатилмоқда, 6 нафар беморнинг аҳволи оғир, улардан 2 нафарининг аҳволи нисбатан оғир деб баҳоланмоқда. Бугунги кунга келиб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 90 мингдан кўпроқ Ўзбекистон фуқаролари тиббий кузатув остига олинган. «Улар орасидан ҳам касаллик чиқиб қолиш эҳтимоли йўқ эмас. Шундай экан, касаллик қўзғатувчиси юртимиз ҳудудида айланиб юрибди. Ҳар биримиз эҳтиётимизни қилишимиз, ортиқча мулоқотга киришишдан тийилишимиз керак», — деди Отабеков. Давлат бош санитария инспектори мулоқотларни камайтирганда, касаллик бир одамдан иккинчи одамга юқишининг олди олинишини эслатиб ўтди. «Бу давр ўткинчи. Карантин тадбирларига масъулият билан ёндашайлик. Энг асосийси, сабр-қаноат билан тиббиёт ходимларининг тавсияларига амал қилиш, уйда қолиш орқали ушбу сафарбарлик ишида фаол иштирок этайлик», — деди у. "Газета.uz"да реклама

Место для вашей рекламы