Ўзбекистон президенти туркиялик ишбилармонлар билан учрашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни Анқарада Туркиянинг етакчи компаниялари ва банклари раҳбарлари билан учрашди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди. Тадбирда Туркия савдо палаталари ва биржалари уюшмаси, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА), «Гебзе» уюшган саноат зонаси, «Зираат» банки, «Зорлу холдинг», «Жошкуноз холдинг», «Экзачибаши», «Байкар», «Дунягоз», «Канимед саглик», «Бау глобал», «Хавелсан» каби қатор компаниялар вакиллари иштирок этди. Давлатимиз раҳбари Туркия Президенти билан ўтган музокараларда бизнес алоқаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олинганини таъкидлади. "Газета.uz"да реклама «Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас. Бугун мамлакатимизга кирган компания албатта манфаат топади. Мен бунга кафолат бераман. Бунинг учун зарур ҳуқуқий, институционал шароитлар яратиб берилади», — деди Шавкат Мирзиёев. Учрашувда, шунингдек, келишувлар ва имзоланган битимларни кенг кўламда амалга ошириш, савдо, инновация, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт, туризм, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, бошқа тармоқларда қўшма лойиҳаларни фаол илгари суриш муҳимлиги таъкидланди. Туркиялик ишбилармонлар ўтган йили Ўзбекистонга боргани, иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўзгаришларга, одамларда «ислоҳотлар тафаккури»га гувоҳ бўлганини таъкидлади. Ўзбекистон бозорига кириш, ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ниятида эканини билдирди. Шу билан бир қаторда «Ronesans Holding» билан «Ўзбекистон металлургия комбинати» акциядорлик жамиятини модернизация қилиш ва ривожлантиришга 630 миллион евро, Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатига 4,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестициялар киритиш, шунингдек, шифохоналар ва савдо марказларини қуриш бўйича умумий қиймати қарийб 3 миллиард долларлик янги лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишувларга эришилди. Бугунги учрашувда Ўзбекистон билан Туркиянинг вазирлик ва компаниялари ўртасида алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш, клиникалар ва олий ўқув юртлари ташкил этиш бўйича аниқ лойиҳалар муҳокама қилинди. Президент бу режаларни маъқуллаб, мутасаддиларга тез фурсатларда амалий ишларга ўтиш, бюрократик тўсиқларсиз уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича топшириқлар берди.

Место для вашей рекламы