Ўзбекистон ЕОИИ билан кузатувчи-давлат мақомида ҳамкорлик қилмоқчи

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида 6 март куни мамлакатнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги юзасидан олиб борилган таҳлилий ва комплекс баҳолаш ишлари якуни бўйича хулоса ва таклифларни Олий Мажлис палаталарига киритишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, хабар берди ЎзА. Президент Шавкат Мирзиёев январда парламентга йўллаган мурожаатномасида ушбу масала ҳукумат томонидан парламент муҳокамасига киритилиши ва халқ вакиллари билан батафсил кўриб чиқилишини маълум қилган эди. Бунда энг аввало, халқ манфаатларидан келиб чиқиб, унинг хоҳиш-иродасига таяниш лозимлигини таъкидлаган эди. Йиғилишда қайд этилганидек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси жаҳон иқтисодиёти тизимига интеграциялашиш, айниқса, ҳудудий жиҳатдан яқин мамлакатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга боғлиқ. Иқтисодий интеграция маҳсулотнинг рақобатбардошлигини ошириш, таннархни пасайтириш, янги технологиялар олиб келиш, транзит савдони кенгайтириш, бозор ислоҳотларини жадал ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини атрофлича ўрганиш ва чуқур таҳлил қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ва тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан иқтисодий интеграция масаласида мамлакат иқтисодиётининг йирик 16 тармоғида ўрганиш ишлари олиб борилди. Йиғилишда мазкур масала бўйича етакчи мустақил консалтинг компаниялари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг изланишлари, хорижий ва маҳаллий мутахассислар томонидан билдирилган таклиф ва хулосалар кўриб чиқилди. Бунда Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги доирасидаги иқтисодиётнинг йирик тармоқлари, жумладан, саноат, ташқи савдо сиёсати, божхона-тарифларини тартибга солиш механизми, меҳнат миграцияси, стандартлаштириш ва ветеринария, санитария, фитосанитария назорати сингари кўплаб масалалар бўйича экспертларнинг хулосалари ўрганиб чиқилди. "Газета.uz"да реклама Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти ва ЕОИИга интеграция жараёнлари ўзаро боғлиқлиги қайд этилди. Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликнинг Ўзбекистон миллий иқтисодиётига таъсирини комплекс ўрганиш натижасида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилиши зарур бўладиган чора-тадбирлар белгиланди ҳамда ЕОИИ билан кузатувчи-давлат мақомида ҳамкорлик қилиш таклифи маъқулланди. Таҳлилий ва комплекс баҳолаш ишлари асосида ишлаб чиқилган хулоса ва таклифлар Олий Мажлис палаталарига тақдим этилади.

Место для вашей рекламы