Ўзбекистон бюджетни қўллаб-қувватлаш учун ОТБдан 1 млрд доллар сўради

Ўзбекистон ҳукумати коронавирус пандемияси туфайли бюджетни қўллаб-қувватлаш учун Осиё тараққиёт банкидан 1 миллиард долларгача маблағ ажратишни сўради, дея хабар қилди Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати . 1 апрель куни Ўзбекистон бош вазир ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов видеоконференция форматида Осиё тараққиёт банки президенти М.Асакава билан Ўзбекистонда коронавирус тарқалишидан аҳолини ҳимоялаш ва глобал пандемиянинг мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларига таъсирини юмшатиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда мазкур масалаларда ОТБнинг Ўзбекистонга кўрсата оладиган ёрдами механизмларини муҳокама қилди. ИТСВ хабарига кўра, ОТБ президенти М.Асакава бюджет маблағларини ажратиш масаласини ҳал қилиш учун Банкда алоҳида гуруҳ тузгани, ушбу масалани маъқуллаш ва молиявий ёрдам маблағларини ажратиш жараёнларини тезлаштириш учун барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилишини маълум қилди. "Газета.uz"да реклама Ҳозирги вақтда ОТБ Ўзбекистоннинг вирус тарқалиши билан боғлиқ тиббий эҳтиёжлари учун 200 минг АҚШ долларига тенг миқдорида грант ажратилишини маъқуллади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг фармони билан коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатишга қаратилган 10 трлн сўмли Инқирозга қарши жамғарма тузилган. Шу ўринда, президент томонидан мамлакат ҳукуматига давлат бюджети ва инқирозга қарши фондни молиялаштириш учун 2020 йилда 1 миллиард долларгача миқдорда хорижий кредитларни жалб этиш топшириғи берилган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилиши чоғида коронавирус пандемияси туфайли Ўзбекистоннинг хориждаги асосий савдо ҳамкорларининг миллий валюталари қадрсизланиши республикага валюта тушумини, нефт нархининг тушиши эса газ экспортидан тушадиган даромадни камайтириши мумкинлигини айтиб ўтган эди.

Место для вашей рекламы