Ўзбекистон аҳолиси бир йил ичида 650,3 минг кишига кўпайди

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2020 йил 1 январь ҳолатига 33905,8 минг кишини ташкил этиб, 2019 йил бошидан 650,3 минг кишига ёки 2,0 фоизга ўсди, дейилади Давлат статистика қўмитасининг демографик вазият тўғрисидаги ҳисоботида . Шаҳар аҳолисининг улуши 17,1 миллион (умумий сонининг 50,5 фоизи), қишлоқ аҳолиси — 16,7 миллион (49,5 фоиз) кишини ташкил этди. Энг кўп аҳоли Самарқандда (11,4 фоизи) (Фарғона — 11,1 фоизи, Қашқадарё — 9,7 фоизи ва Андижон вилоятида — 9,2 фоизи) қайд этилди. "Газета.uz"да реклама Меҳнатга яроқли ёшдан кичиклар аҳолининг 30,5 фоизини, меҳнатга лаёқатли ёшдагилар 58,9 фоизни ва меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар 10,6 фоизни ташкил этди. 2019 йил январь-декабрь ойларида 815,9 минг бола туғилиши рўйхатга олинган бўлиб, 1000 аҳолига туғилиш даражаси 24,3 промиллени ташкил этди ва 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 1 промиллега кўпайди. Ушбу давр мобайнида ўлимлар сони 155 мингтани, ўлим коэффициенти 4,6 промиллени ташкил этди ва 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 0,1 промиллега камайди. 2019 йилнинг январь-декабрь ойларида қайд этилган вафот этганларнинг 60,3 фоизи — қон айланиш тизими касалликларидан, 10,0 фоизи — ўсимталардан, 6,3 фоизи — бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 5,5 фоизи — овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 4,2 фоизи — нафас олиш аъзолари касалликларидан, 1,4 фоизи — юқумли ва паразитар касалликлардан ҳамда 12,3 фоизи — бошқа касалликлардан вафот этган. Рўйхатга олинган 1 ёшгача вафот этган болалар сони 7,4 минг нафарни ташкил этиб, уларнинг 58,5 фоизи — перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 18,7 фоизи — нафас олиш аъзолари касалликларидан, 11,8 фоизи — туғма аномалиялардан, 2,7 фоизи — юқумли ва паразитар касалликлардан, 1,9 фоизи — бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 0,8 фоизи — овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан ва 5,6 фоизи — бошқа касалликлардан вафот этган. Аҳолининг табиий ўсиши 660,9 минг кишини ташкил этиб, 2018 йил мос даврига нисбатан 47,3 минг кишига (2018 йилнинг январь-декабрь ойларида 613,6 минг киши бўлган) ўсган. ФҲДЁ органлари томонидан 310,9 минг никоҳ қайд этилди, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан никоҳ тузиш коеффициенти 9,3 промиллени ташкил этди. 2018 йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли камайиш Самарқанд (3,4 фоизи), Хоразм (1,5 фоизи), Фарғона (1,4 фоизи), Қашқадарё (1,3 фоизи) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (1,3 фоизи) кузатилди. 2019 йилнинг январь-декабрь ойларида 31,4 мингта никоҳдан ажралишлар қайд этилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан никоҳдан ажралиш коеффициенти 0,9 промиллени ташкил этди. 2018 йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли камайиш Андижон вилояти (12,0 фоизи), Қорақалпоғистон Республикаси (7,5 фоизи), Самарқанд (6,9 фоизи) ва Навоий (5,5 фоизи) вилоятларида кузатилди. 2019 йил январь-декабрь ойларида республика бўйича кўчиб келганлар сони 158,8 минг кишини (156,3 минг киши республика ҳудудларидан, 2,5 минг киши хорижий мамлакатлардан), кўчиб кетганлар сони эса 169,5 минг кишини (156,3 минг киши республика ҳудудларига, 13,2 минг киши хорижий мамлакатларга) ташкил этди. Миграция сальдоси минус 10,7 минг киши бўлиб, 2018 йилнинг мос даврида минус 14,7 минг киши бўлган. Миграция салдосининг юқори даражаси Қашқадарё (минус 6,9 минг киши), Самарқанд (минус 5,6 минг киши), Тошкент (минус 4,6) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (минус 4,2 минг киши) қайд этилди. Миграция сальдосининг ижобий даражаси Тошкент шаҳрида (плюс 27 минг киши) кузатилди. Ўзбекистонга доимий яшаш учун келганлар сони 2527 кишини ташкил этди, улардан 33,3 фоизи — Қозоғистон, 23,3 фоизи — Россия, 21,4 фоизи — Тожикистон, 12,1 фоизи — Қирғизистон ва 10 фоизи — бошқа давлатлардан. 13,2 минг киши Ўзбекистондан ташқарига доимий яшаш учун кетган, шундан 57,5 фоизи Қозоғистонга, 37,7 фоизи Россияга, 0,8 фоизи АҚШга, 0,7 фоизи Исроилга ва 3,3 фоизи — дунёнинг бошқа мамлакатларига. 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра Тошкент шаҳрида доимий аҳоли сони 2,57 миллион кишини ташкил қилди. Ўтган йил давомида 50,2 минг бола туғилди. 1000 аҳолига туғилиш даражаси 19,8 промиллени ташкил қилди. Ўлганлар сони 15,5 минг кишига етди, ўлим даражаси 6,1 промилле.

Место для вашей рекламы