Юнусободликлар учун электр энергиясининг базавий меъёри бекор қилинмоқда

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Тошкентнинг Юнусобод туманида тажриба тариқасида электр энергиясидан фойдаланишнинг базавий меъёрларини жорий этиш бўйича тажрибани бекор қилиш илтимоси билан Адлия ва Молия вазирликларига мурожаатнома юборди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди . Мазкур қарор карантин сабабли кўпчилик одамлар вақтини уйда ўтказаётгани ва ўз-ўзидан кўпроқ электр энергияси сарфланаётгани сабабли улар учун бошқа туманлар аҳолиси билан тенг шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинмоқда. Эслатиб ўтамиз, Юнусобод туманида 2019 йилнинг 1 январидан буён тажриба тариқасида ҳар бир абонент учун бир ойга 300 кВ/соат миқдорида электр энергиясидан фойдаланишнинг базавий меъёри жорий этилган эди. Электр энергияси истеъмоли ушбу меъёрдан ошган тақдирда, ҳар бир кВ/соат электр энергияси учун 1,2 баравар миқдорда қимма тариф қўлланилади.

Место для вашей рекламы