Volkswagen Ўзбекистонда енгил тижорий автомобилларни ишлаб чиқариши мумкин

«Ўзавтосаноат» ва Volkswagen Group Rus «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида Жиззах автомобиль заводи негизида енгил тижорий автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғрисидаги битимни имзолади. «Ўзавтосаноат» матбуот хизматининг хабар қилишича, заводда тўлиқ саноат цикли асосида Volkswagen концернининг йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган бир нечта енгил тижорат автомобиллари моделлари ишлаб чиқарилади. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 20 минг донани ташкил этади. "Газета.uz"да реклама Volkswagen Group Rus янги ишлаб чиқариш технологиялари ва жараёнларини тақдим этиб, ходимларни ўқитишни ҳам зиммасига олади. Завод Volkswagen концернининг ишлаб чиқаришни бошқариш, сифат, харидлар, етказиб бериш ва сотиш соҳасидаги стандартлари бўйича ишлайди. Корхона миллий автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчиларини жалб этган ҳолда муайян маҳаллийлаштириш даражасига эришишни мақсад қилмоқда. Шу мақсадда «Ўзавтосаноат» таркибидаги 30 га яқин йирик ҳамда 160 дан ортиқ кичик ва ўрта бизнес корхоналари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Томонлар 2020 йилда Volkswagen Caddy моделини ишлаб чиқариш ва сотишни йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришди. Ушбу модел икки модификацияда тақдим этилади: етти ўриндиқли йўловчи универсали ҳамда юк ташишга мўлжалланган фургон. Автомобиль 110 от кучига эга 1,6 литр сиғимли тежамкор бензин мотори билан таъминланади. Бензин сарфи 100 км. да шаҳар ичида 9,3 литр, катта йўлда эса 6,1 литрни ташкил этади. Келгусида томонлар Volkswagen Group концернининг бошқа моделларини ҳам ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Volkswagen Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқаришни режалаштираётгани ҳақида ўтган йилнинг май ойида маълум бўлган эди. Volkswagen Group Rus — VolkswagenAG`нинг шўъба корхонаси. У Россия бозорида концерннинг еттита бренди — Volkswagen, Audi, ŠKODA, Bentley, Lamborghini, Ducati енгил ва тижорий автомобилларини ишлаб чиқаради. 2019 йилда Volkswagen Group Россия бозорида 233,6 мингта автомобил сотди.

Место для вашей рекламы