Вилоятларда бешта янги педагогика институти очилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 февраль куни педагогика соҳасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади . Ҳужжатда қайд этилишича, ўтказилган таҳлиллар таълим соҳаси учун кадрлар тайёрлаш сифатига эътиборни кучайтириш, соҳада илғор хорижий тажрибани кенг жорий этиш, педагогик таълим инфратузилмасини яхшилаш зарурлигини кўрсатмоқда. Тарбия ва ўқитиш усуллари, АКТ ва хорижий тилларни пухта ўзлаштирган профессионал педагог кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини ошириш ва бошқалар педагогика таълим соҳасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди. "Газета.uz"да реклама 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб педагогик таълим соҳасининг айрим бакалавриат таълим йўналишларида ўқиш муддати 3 йилни ташкил этади. 2020 йил 1 апрелга қадар педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш жараёнида абитуриентларнинг педагоглик касбига лаёқати даражасини аниқлаш механизмлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди. Ҳужжат билан:Самарқанд давлат университетининг Педагогика институти;Андижон давлат университетининг Педагогика институти;Бухоро давлат университетининг Педагогика институти;Термиз давлат университетининг Педагогика институти;Қарши давлат университетининг Педагогика институтини ташкил этиш белгиланди. Ушбу педагогика институтлари мақоми бўйича маҳаллий олий таълим муассасаси филиалига тенглаштирилади. Дастлабки босқичда Тошкент давлат педагогика университетида ўқув жараёни ўқув режа ва дастурлар такомиллаштирилган ҳолда таълимнинг кредит-модуль тизими асосида ташкил этилади. Мазкур ОТМга ходимларига педагогика ва ўқитиш методикаси ихтисосликлари бўйича доцент ва профессор илмий унвонларини бериш ҳуқуқи тақдим этилди. Бундан ташқари, келгуси ўқув йилидан бошлаб педагогик фаолиятда умумтаълим фанлари муҳим ўрин тутишини инобатга олган ҳолда алоҳида иқтидор талаб этиладиган педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш учун касбий (ижодий) имтиҳонлар билан биргаликда мажбурий учта — она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича тест синовлари топшириш тартиби жорий қилинади. Бунда, қоида тариқасида, мажбурий учта фан бўйича тест синовлари касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари эълон қилинганидан сўнг ўтказилиши белгиланди.

Место для вашей рекламы