UzAuto автомобилларни Chevrolet бренди остида экспорт қилишни бошлайди

UzAuto Motors экспорт бозорларига автомобилларни Chevrolet бренди остида сотишни бошлайди, дея хабар қилди ишлаб чиқарувчи. General Motors компанияси билан бу ҳақдаги келишувга эришилди. Март ойидан Россия, Қозоғистон ва Беларусга Spark, Nexia ва Cobalt автомобиллари Chevrolet бренди остида сотувга чиқарилади. Ravon бренди остида автомобилларни сотиш 2020 йил ўрталаридан тўхтатилади. Компаниянинг қайд этишича, Chevrolet брендидан ташқи бозорларда фойдаланиш ҳуқуқи UzAuto Motors компаниясига автомобилларнинг юқори сифати жаҳон автосаноати етакчиларидан бири — General Motors компанияси томонидан белгиланган стандартларга тўлиқ жавоб берганлиги учун берилди. "Газета.uz"да реклама «Қабул қилинган қарор «UzAuto Motors»га Chevrolet жаҳон брендининг тўлиқ қувватидан Ўзбекистон Республикаси ички бозоридаги каби экспорт бозорларида ҳам самарали сотувни ошириш имконини яратади», — дейилади хабарда. Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, UzAuto Motors компанияси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Chevrolet моделларининг Россия, Қозоғистон ва Беларуссияда дистрибюциясини ўзи бошқаради. Дилерлик тармоғи мавжуд GM Россия дилерлари, Ravon дилерларининг бир қисми ва Chevrolet ваколатли сервис марказлари асосида, уларнинг географик жойлашуви ва Chevrolet бренди стандартларига мувофиқлик даражасини ҳисобга олган ҳолда яратилган. Шу билан бирга, GM Россия ваколатли хизмат кўрсатиш марказлари 2015 йилнинг охирига қадар Россияда GM/Chevrolet дилерларидан автомобиль сотиб олган мижозларга ҳам хизмат кўрсатишни давом эттиради. UzAuto Motors томонидан ишлаб чиқарилган Chevrolet Spark, Nexia ва Cobalt автомобилларини харид қилган мижозлар учун кафолатлар, шунингдек, барча хизмат ва UzAuto Motors компанияси томонидан ўзининг дилерлик тармоғи орқали тақдим этиладиган эҳтиёт қисмларни сотиб олиш имконияти сақланиб қолади.

Место для вашей рекламы