Уй можароси туфайли ўзига ўт қўйган фуқаро вафот этди

Андижонда уйдан кўчириш ҳақидаги суд қарори ижросидан норози Х. Ғойибназаров ўзини ёқиб юборганлиги оқибатида вафот этганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми («Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш») билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу хақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди. Бош прокуратура қошидаги Мажбурий ижро бюроси Андижон тумани бўлими томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан жавобгарлар Х. Ғойибназаров ва унинг оила аъзоларини уйдан кўчириш ҳамда ундирувчи М. Бойхоновани ушбу уйга киритиш тўғрисида ижро иши қўзғатилганди. Туман МИБ бўлими маълумотига кўра, 21 январь куни ижро ишини амалга ошириш мақсадида кўрсатилган манзилга борилганда ундирувчи ва қарздор ўзаро келишган, қарздорларга уч кун муҳлатда кўчиб кетишлари учун имконият берилган. "Газета.uz"да реклама Ундирувчи кетганидан сўнг қарздор МИБ ходимларини чақириб, 24 январга қадар кўчириш ишларини тўхтатиб туришни сўраган вақтида, Ғойибназаров жаҳл устида бир қўлидаги елим идишдаги суюқликни устидан сепиб, ўзига ўт қўйиб юборган. Айни пайтда марҳумнинг опаси журналистларга воқеа тафсилотларини сўзлаб берганди. Унинг айтишича, ҳақдор марҳумни жеркиб ташлаган. «Бўлди, кетинглар, деган сўзимизга ҳам қарамасдан укамни сўкиб ташлашди. Шунда укам: „Опа, бир одам ўлиши керакми“, — дея савол берса, адвокат аёл „Ўлсанг ўлаверасан“, — деган жавобни қайтарди. Укам бензинни қаердан олди, билмайман, ва қўлидаги бензинни ўзининг устидан қуйди-да, гугурт чақди», — дейди марҳумнинг опаси. Таъкидланишича, МИБ ходимлари ўзини ёққан Ғойибназаровдаги ёнғинни ўчиришга кўмаклашиб, уни «Лабо» русумли автомашинада, унинг оила аъзолари эса давлат ижрочиси И. М.нинг автомашинасида Андижон тумани тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимига олиб борилган. Маълумот учун, фуқаро М.Бойхонова томонидан юқорида қайд этилган хонадон давлат нотариал идорасида 2016 йил 4 май куни қайд этилган олди-сотди шартномасига асосан сотиб олганлиги сабабли уй-жойдан кўчириш ҳақида судга даъво аризаси киритган. Суднинг қарорига асосан қарздор Ғойибназаровларни уйдан кўчириш белгиланганлиги сабабли ундирувчининг аризасига кўра ушбу ижро ҳаракатлари олиб борилган бўлиб, ижро ҳаракатлари ушбу уйни давлат фойдасига олиш мақсадида амалга оширилмаган.

Место для вашей рекламы