Қурилиш лойиҳаларини экспертиза қилиш тартиблари ўзгаради

Жорий йил августдан бошлаб, Тошкент шаҳридаги қурилишлар бўйича лойиҳалар экспертизаси янги тартибда амалга оширилади. Янги тартиб 2021 йил 1 январдан барча ҳудудларда татбиқ этилиши назарда тутилган, дея маълумот берди қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов. 11 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги биносида ўтган матбуот анжуманида қурилиш лойиҳаларини янги тартибда экспертизадан ўтказиш ҳақида маълумот берган Шерзод Ҳидоятов ушбу масалага атрофлича тўхталиб ўтди. «Лойиҳаларни қоғоз кўринишда тақдим этиш тўхтатилади. Эндиликда ҳаммаси интернет орқали алмашилади. Бу анча вақт сарфланишига, кейин хатоликлар келиб чиқишига, бошқаларга олиб келиши мумкин ва бу коррупцияга ҳам олиб келиши мумкин бўлгани учун биз буни зудлик билан рақамлаштириш йўлини бошлаб юбордик. Энди бундан буёғига экспертларимиз ўзининг ўтирган жойида масофадан туриб лойиҳачилардан ҳар бир лойиҳани интернет орқали олиб, кўриб чиқиб, яна электрон тизимда ўзининг ҳар бир жавобини беради ва ишни амалга ошириб, экспертизадан ўтказади», — деди у. Вазирнинг биринчи ўринбосари, шу ўринда, тендер масаласига ҳам алоҳида тўхталди. Унинг маълумотига кўра, охирги икки йилда 3070та қурилиш лойиҳаси тақдим этилган, аммо уларнинг 186таси тендердан ўтган. "Газета.uz"да реклама «Қолган ҳаммаси эса буюртмачиларимиз орқали танланган пудрат ташкилотларга берилган. Ва у объектнинг қурилишидаги камчилик бўладими ёки бошқа бўладими, 100 фоиз шаффофлиги ёки назорати қийин бўлган», — дея қўшимча қилди вазир ўринбосари. Ҳидоятовнинг қайд этишича, тендер ўтказилишига қатъий қараш керак. Тендер ишида эса қурувчи корхоналарнинг рейтингини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Рейтинг баҳосини аниқлашда мутахассисларнинг малака оширгани, махсус тайёргарликдан ўтгани ҳам алоҳида мезон сифатида қабул қилинади. Шерзод Ҳидоятов. Фото: АОКА «Жорий йилда ўқув курсларини ташкил этиш бўйича ҳам иш бошланган. Вазирлик қарамоғида 14та касб-ҳунар коллежи ва 3та техникум фаолият юритади. Улардан самарали фойдаланиб, қизиққанларни 3 ойлик қисқа курсларга йўналтирамиз. Бу жараён ҳам рақамлаштирилади, яъни малака оширган қурувчи-мутахассисларнинг умумий базаси тузилади. Рейтинг тузишда мазкур маълумотлардан фойдаланилади. Бу ишлар амалга ошса, ушбу соҳада соф рақобат пайдо бўлади», — дея фикр билдирди у. Шерзод Ҳидоятовнинг айтишича, тузилажак рейтингни аниқлашдаги асосий мезонланлардан бири — меҳнат фаолиятида техник хавфсизлик масаласи ҳисобланади.

Место для вашей рекламы