Умра ишини фақат битта ширкат 12 йилдан бери ташкил қилади

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Умра ишларини ташкил этишда Саудия Арабистонининг Al Hidoya Hajj, Umrah & Tourism компанияси билан ҳамкорлик қилиб келади. Ушбу ҳамкорлик 2008 йили бошланган, ўтган вақт ичида Умра ишини ташкил этишда бошқа хорижий ширкат ёхуд маҳаллий турфирмалар мунтазам иштирок этмаган. 11 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида қўмита ва идора вакиллари Умра ишини ташкил этишга оид айрим масалаларга ойдинлик киритишди, хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири. Идоранинг халқаро алоқалар бўлими мудири Муҳаммад Акмалхон Шокировнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Ўзбекистон томони қарийб 12 йил давомида Умра ишини ташкил этишда фақат Al Hidoya Hajj, Umrah & Tourism компанияси билан ҳамкорлик қилади. «Умра зиёратини ташкил этишда ширкат энг минимал тариф бўйича ҳар бир шахсга 450 АҚШ доллари миқдорида нархнома таклиф этган. Бунга қўшимча 106,5 доллар виза учун тўланади, 50,4 доллар тиббий суғурта полиси учун сўралади. Буларнинг ҳаммаси қўшилиб (авиачипта нархи инобатга олинмаганда жами 606,9 доллар — таҳр.), ҳар бир зиёратчи учун Умра пакет нархи келтирилади», — деди у. Анжуманда иштирок этган Uzbekistan Airways авиакомпанияси тижорат ва туризм масалалари бўйича директори Шуҳрат Худойқуловнинг таъкидлашича, ҳар ҳафта 4та Тошкент-Жидда-Тошкент йўналишида парвоз амалга оширилади. Бундан ташқари, Умра зиёратчилари эҳтиёжидан келиб чиқиб, ҳафтасига яна 20та рейс ташкил этилади. Ушбу парвозда самолётлар Саудия Арабистонинг Мадина ва Жидда шаҳарларига учади. «Борди-келди учун минимал нарх 633 АҚШ доллари этиб белгиланган. Бир тарафга парвоз нархи 330 долларни ташкил этади», — дея қайд этди у. Azon Travel компанияси вакилининг қайд этишича, Тошкент-Мадина шаҳарлари ўртасидаги масофа 3310 километрни ташкил этади. Тошкент-Дубай оралиғидаги масофа эса 2194 км, Тошкент-Истанбул йўналишида парвоз қилувчи самолёт эса 3340 км масофани босиб ўтади. Келтирилган масофалар деярли бир хил, аммо Ўзбекистон-Саудия Арабистони йўналишида нархлар тахминан 30 фоизга қимматлашган. «2017−2018 йилларда амалга оширилган мазкур йўналишдаги парвозларда чиптанинг нархи бир киши учун қарийб 850 долларни ташкил этганди. Ўзи нарх қандай шаклланади? Аввало, авиакомпания харажатлари, мезбон тарафга тўлайдиган тўловлардан келиб чиқиб, чипта нархи ўрнатилади. Шаҳарлар ўртасидаги масофа яқинлигидан ташқари, ўша шаҳарлардаги аэропортларга тўланадиган бож йиғимлари ҳам бор», — дея қўшимча қилди Шуҳрат Худойқулов. ЎМИ вакили айни матбуот анжуманида Умра визасини ҳар кимга бермаслик бўйича Саудия Арабистонининг Тошкентдаги элчихонасига илтимоснома киритганини айтган. "Газета.uz"да реклама

Место для вашей рекламы