Ҳукуматда молия-иқтисод ишларига масъул раҳбарлар ўзгарди

24 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида ҳукуматнинг молия-иқтисод сиёсатига масъул бўлган раҳбарлар, хусусан молия вазири ҳамда иқтисодиёт ва саноат вазири ўзгарди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» манбаси. Унга кўра, бош вазир ўринбосари — молия вазири лавозимида ишлаган Жамшид Қўчқоров иқтисодиёт ва саноат вазири этиб тайинланди. Шунингдек, у молия, иқтисодиёт ва камбағаллик билан курашиш бўйича бош вазир ўринбосари лавозимига тайинлаган. Аввал молия вазири ўринбосари бўлган Жамшид Қўчқоров 2017 йилда вазирлик раҳбарига айланганди. Шундан сўнг, 2019 йил февралидан у бош вазир ўринбосари — молия вазири сифатида ишлаб келаётганди. Қўчқоров бошқарган молия вазирлигига шу пайтга қадар вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Тимур Ишметов тайинлаган. Молия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидаги фаолиятига бир йил тўлмаган Ишметов муқаддам Марказий банк раиси ўринбосари эди. Ҳукуматдаги манбанинг таъкидлашича, Ишметовнинг биринчи ўринбосари этиб, Насритдинхўжаев Омонулло тайинланиши кутилмоқда. "Газета.uz"да реклама Жамшид Қўчқоров раҳбарлигига ўтган Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига Ботир Хўжаев бошчилик қилаётганди. Эндиликда у бош вазирнинг саноат ва кооперациялар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган. Бундан ташқари, бош вазир маслаҳатчиси Нодир Отажонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Айни пайтда у «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ бошқарув раиси мақомини сақлаб қолади. Олти ойча Президент администрациясида ишлаган Отажонов аввал ҳам бош вазир ўринбосари эди.

Место для вашей рекламы