Украина самолёти Эрон ракетаси билан уриб туширилган — Канада ва Буюк Британия бош вазирлари

Канада бир неча манбалардан олинган разведка маълумотларига асосланиб, «Украина халқаро авиакомпанияси» Boeing 737 самолёти Теҳронда Эроннинг «ер-ҳаво» ракетаси билан уриб туширилганини тахмин қилмоқда, дея маълум қилди Канада бош вазири Жастин Трюдо пайшанба куни. «Эҳтимол, бу тасодифан чиққан бўлиши мумкин», — деди у ва Канада шериклари билан авиаҳалокатнинг асл сабабларини аниқлаш учун тўлиқ ва ошкора текширувни олиб бориш учун ишлаётганини қўшимча қилди. Кейинчалик Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ҳам Boeing Эрон ракетаси билан «эҳтимол бехосдан» отилганлигини тасдиқловчи далиллар борлигини айтди. "Газета.uz"да реклама Аввалроқ Американинг Newsweek журнали Пентагон ҳамда АҚШ ва Ироқ разведка хизматидаги манбаларга таяниб, лайнернинг Эрон ҳаво мудофааси тизимлари хато равишда йўқ қилган бўлиши мумкинлигини маълум қилганди. Эслатиб ўтамиз, Киевга учаётган украин Boeing 737 самолёти 8 январь куни эрталаб, Теҳрон аэропортидан ҳавога кўтарилганидан сўнг, қулаб тушган эди. Самолёт бортидаги 176 кишининг барчаси вафот этган. Ўлганлар орасида Эроннинг 82, Канаданинг 63, Украинанинг 11 (2 йўловчи ва 9 экипаж аъзоси), Швециянинг 10, Афғонистоннинг 4, Германиянинг 3 ва Буюк Британиянинг 3 нафар фуқароси бўлган.

Место для вашей рекламы