«У кўп оғир туҳматларга қолган, лекин синган эмас» — президент Абдулла Арипов ҳақида

21 январь куни Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида Ўзбекистон бош вазири лавозимига Абдулла Арипов номзоди тасдиқланди. Минбарда нутқ сўзлаган мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев унинг шахсий фазилатлари, ҳукуматни бошқаришдаги тажрибаси ва ўтган йилларда бошдан кечирганлари ҳақида тўхталиб ўтди. Давлат раҳбари нутқида бош вазир лавозимига номзодни танлаш ва уни тасдиқлаш жуда масъулиятли масала эканига урғу берди. «Бу ҳаёт ва мамот масаласи… Ҳеч кимга сир эмас, бу лавозимга чуқур билим, катта тажриба, кенг тафаккур ва замонавий фикрлаш қобилиятига эга бўлган, энг асосийси — фидойи, талабчан ҳамда ташкилотчи номзодни танлашимиз зарур. Албатта, турли синовларда тобланган, жавобгарликни зиммасига олишга қодир, одамлар билан тил топиша оладиган, уларнинг ҳурматини қозонган, қисқача айтганда — кўпни кўрган ва жонкуяр инсонни топиш анча мураккаб ва оғир вазифадир», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Президент бош вазир лавозимига муносиб одам ҳақида гапириб, у ўз фаолияти ва аввалги ишида қилган амаллари билан эл-юрт эришган ютуқларига ҳисса қўшган шахс бўлишини таъкидлади. "Газета.uz"да реклама Бу масалада атрофлича ўйлаб, партиядошлар билан маслаҳатлашган давлат раҳбари сўнгги уч йил давомида бош вазир лавозимида ишлаган Абдулла Арипов номзодини тавсия этди. «14 йил бош вазир бўлган одам ва уч марта ушбу лавозимга қайта тайинланган шахс сифатида бош вазирнинг юрагидан қандай ҳислар ўтаяпти, биламан. Абдулла Ниғматовични 20 йилдан буён биламан. Кўп йиллар ёнма-ён бирга ишлаганмиз. Ҳаётда кўп оғир туҳматларга қолган, лекин шуларни жасорат [билан енгиб], ҳеч қачон синган эмас. Мен шу лавозимга (муваққат президентлик — таҳр.) вақтинча бўлганимда ҳам бош вазир ўринбосари қилиб, Абдулла Ариповни адолат юзасидан қайтарганим, бежиз эмас», — деди президент. Давлат раҳбари Абдулла Ариповннинг оғир туҳматларни бошдан кечирганини айтиб, нутқи давомида ушбу масалага қайта тўхталмади. 2012 йил августда Абдулла Арипов бош вазир ўринбосари — ҳукуматнинг Ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари комплекси раҳбари вазифасидан озод этилганди. 2016 йил ҳукумат ишига қайтгунча, у Тошкент ахборот технологиялари университетида педагогик фаолияти билан банд бўлган.

Место для вашей рекламы