«ЎТЙ»: ҳалқа метро йўналишининг олтита бекати қурилиши якунланди

«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси Тошкент метрополитени янги ер усти ҳалқа йўналишининг «Дўстлик-Қўйлиқ» участкасидаги еттита бекатдан олтитаси қуриб битказилганини эълон қилди . «Боштранслойиҳа» АЖ томонидан ишлаб чиқилган ушбу лойиҳа «Қўриққурилиш» трести корхоналари ва бўлинмалари томонидан амалга оширилди. Ҳозирда олтита бекатда пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда, Қўйлиқ бозори яқинидаги еттинчи бекатда эса таъмирлаш-монтаж ишлари давом этмоқда, деди «Ўзбекистон темир йўллари» Капитал қуриш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азиз Абдиев. Қурилиш ишларида 2000 нафарга яқин мутахассислар ва қурувчилар, шунингдек 100 дан ортиқ қурилиш ва махсус техника жалб қилинган. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ линияни март ойида ишга тушириш режалаштирилгани хабар қилинган эди. Ҳар бир станция ташқи кўриниши ва безак жиҳатидан фарқ қилади. Бекатларга кириш ва кассалар биринчи қаватда жойлашган бўлиб, у ерда тиббий, хавфсизлик ва техник ходимлар учун хоналар ҳам ажратилади. 5 вагон ҳаракатланадиган таркиб учун мўлжалланган перронлар узунлиги 120 м бўлиб, мармар тахталар билан қопланган. Кўзи ожизлар ва заиф кўрувчилар учун рельеф-нуқтачали махсус плиталар ётқизилган. "Газета.uz"да реклама Бекатларда ҳаракатланиш имконияти чекланган одамлар учун эскалатор ва лифтлар ишлайди. Станциялар атрофлари ободонлаштирилмоқда, автотураргоҳлар барпо этилмоқда. Янги линияда «Метровагонмаш» (Россия) компаниясининг ҳаракат таркиблари қатнайди. 2019 йил сентябрь ойида бешта поезддан иборат синов партияси етказиб берилган эди. Ҳозирда улар «Ўзбекистон» метро йўналишида синовдан ўтказилмоқда. Яқинда «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси бошқаруви раиси Хусниддин Ҳосилов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан йил охирига қадар 10 та поезд сотиб олиш масаласи ишлаб чиқилаётгани ҳақида хабар берган эди. Қарийб 55 км узунликдаги ҳалқа метро лойиҳаси беш босқичда амалга оширилмоқда. Узунлиги 11 км бўлган «Дўстлик-Қўйлиқ» участкаси қурилишнинг биринчи босқичидир. Октябрь ойида президент биринчи икки бекат — «Дўстлик-2» ва «Оҳангарон» ўртасида янги поездда саёҳат қилган эди.

Место для вашей рекламы