Турк мутахассиси соғлиқни сақлаш вазири маслаҳатчиси этиб тайинланади

Туркиялик мутахассис Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири маслаҳатчиси бўлади. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. Тайинлов тўғрисидаги келишувга президент Шавкат Мирзиёевнинг 19−20 февраль кунлари Анқарага ташрифи чоғида эришилган. Маслаҳатчи мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ва рақамлаштириш бўйича ишлайди, молиявий менежмент, тиббий суғурта, давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг масалалари билан шуғулланади. Бу Соғлиқни сақлаш вазирлигига чет эллик ходимлар тайинланган биринчи ҳолат эмас. 2018 йил январь ойида жанубий кореялик профессор Юн Тэк Рим Соғлиқни сақлаш вазирининг маслаҳатчиси бўлди. Ўтган йилнинг февраль ойида эса унинг ҳамюрти Ли Донг Ук соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ва бош вазир ўринбосарининг ижтимоий ривожланиш бўйича маслаҳатчиси лавозимини эгаллаган эди.

Место для вашей рекламы