Тошкентдаги учта гавжум кўча реконструкция қилинади

Бу йил Тошкентдаги Фарғона йўли, Аҳмад Дониш ва Янги Сирғали кўчаларини реконструкция қилиш режалаштирилган. Бу ҳақда Тошкент ҳокими ўринбосари, пойтахт Бош уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Раҳмонқулов сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди. Ушбу кўчаларнинг реконструкция қилинадиган қисмларининг умумий узунлиги 17,68 километрни ташкил этади. Бахтиёр Раҳмонқуловнинг сўзларига кўра, ҳозирча лойиҳа ишлари давом этмоқда. Кўчаларни кенгайтириш режалаштирилаётгани йўқ, чунки уларнинг ҳар бири етарли кенгликка эга. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, реконструкция ишларининг умумий қиймати 230,9 миллиард сўмни ташкил этади. Қайта қуриш жараёнида кўчалар бутунлигича ёпилмайди, балки фақат реконструкция ишлари олиб борилаётгани йўналиш бекитилади. Лойиҳада мавжуд йўл ўтказгичларни янгилаш, ёрдамчи йўллар, туташ маҳаллаларга кириш жойларини қуриш ва пиёдалар ўтиш жойларини тартибга солиш кўзда тутилган, дея хабар берди Тошкент ҳокимияти «Газета.uz»га. Автобус бекатлари учун ёритиш мосламалари ва жиҳозларни модернизация қилиш режалаштирилган. Хусусан, Аҳмад Дониш кўчаси Mega Planet савдо марказидан Нурафшон кўчаси чорраҳасигача реконструкция қилинади, деди Бахтиёр Раҳмонқулов. Ушбу участканинг узунлиги 4,5 километрдан ортиқ, кенглиги эса 40 метрни ташкил этади. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 110 млрд сўм. Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати. "Газета.uz"да реклама Ҳоким ўринбосари ҳозирда Аҳмад Дониш кўчасида пиёдалар ҳаракатланиши учун ҳеч қандай шароит йўқлигини ва автобус бекатлари тасодифий жойлашганлигини таъкидлаб ўтди. Ҳаракат йўналишлари ўртасидаги яшил оралиқда эски юқори волтли симёғочлар турибди. Унинг сўзларига кўра, реконструкция қилинганидан сўнг, яшил оралиқ нафақат сақланиб қолади, балки 3 дан 5 м гача кенгаяди, ҳаракат йўналишлари эса учта бўлакка эга бўлади: иккитаси — ҳар бири 3,5 метр ва биттаси — 3 метрдан. Пиёдалар йўлаги ҳам 3 метргача, шунингдек, тўхтаб туриш майдончалари ҳам кенгаяди. Аҳмад Дониш кўчасини реконструкция қилиш лойиҳаси. Бундан ташқари, Фарғона Йўли ва Аҳмад Дониш кўчаларида ҳар икки томондан кенглиги 1,2−2 м бўлган велосипед йўлаклари қурилиши режалаштирилган. Янги Сирғали кўчасининг кенглиги велосипед йўлларини ташкил қилишга имкон бермайди, дея хабар берди Тошкент ҳокимияти «Газета.uz»га. Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати. Фарғона йўли кўчаси Кичик ҳалқа йўлидан Тошкент автомобиль ҳалқа йўлигача реконструкция қилинади. Шунингдек, Бектемир йўли кўчасининг ТАҲЙдан Ҳусайн Бойқаро кўчасигача бўлган қисми ҳам янгиланади. Қайта тикланган участкаларнинг умумий узунлиги 7,65 километрни ташкил этади, деди Бахтиёр Раҳмонқулов. Янги Сирғали кўчаси Жанубий вокзалдан Қипчоқ кўчаси чорраҳасигача тўлиқ реконструкция қилинади. Ушбу участканинг умумий узунлиги 6,6 километр. Реконструкциядан сўнг Сирғали туманидаги автомобиль бозорига кириш Янги Сирғали кўчасидан, чиқиш эса ТАҲЙга бўлади. Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати. Ҳоким ўринбосари — ҳокимиятнинг Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Шароф Раҳмоновнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда Тошкентнинг Яккасарой туманидаги Қушбеги кўчасида янги йўл ўтказгич қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. У Кичик ҳалқа йўлини Янги Сирғали кўчаси билан боғлайди. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 16 миллион долларни ташкил этади. Қурилиш Хитойнинг Ипак йўли инвестиция жамғармаси томонидан молиялаштирилади, дея хабар берди пойтахт маъмурияти. Тошкент ҳокимияти маълумотларига кўра, ўтган йили пойтахтда 665 минг квадрат метр майдондаги 80 км кўча ва йўллар асфальтланган. 2020 йилда ушбу кўрсаткичларни мос равишда 236 км ва 1,04 млн квадрат метрга етказиш режалаштирилган.

Место для вашей рекламы