Тошкентдаги «Лафарга» қабристони атрофидаги воқеалар тафсилоти

«Газета.uz» мухбири Шуҳрат Латипов тупроқ уюмидан топилган суяклар ҳамда Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги «Лафарга» қабристони яқинида масжид қурилиши билан боғлиқ вазиятни ўрганди. Видео Видеода Ольга Медведева ёзувларидан фойдаланилди.Ҳаммаси нимадан бошланди? 28 январ куни Тошкентда яшовчи Ольга Медведева Facebook ижтимоий тармоғида Мирзо Улуғбек туманидаги 451-сонли мактабгача таълим ташкилоти олдига шу яқин атрофдаги қабристонга туташ ҳудуддан олиб келинган тупроқ тўкилганини хабар қилди. Эълон қилинган видеода иккита суякни кўриш мумкин. Аёлнинг сўзларига кўра, унинг ўғли сайр вақтида уларни кўрсатган. Видеодан лавҳа. "Газета.uz"да реклама Видео билан биргаликда эълон қилинган фотосуратларда эса Бўз маҳалласидаги «Лафарга» қабристони яқинида (2-сонли болалар касалхонаси ёнида, Қуролли Кучлар музейининг орқа томонида) экскаваторлар ишлаётгани акс этган. Кейинчалик эски Мулла Қосим масжиди ўрнида янгисини қуриш бошлангани маълум бўлди. МТТ ва қабристон жойлашуви харитада. «ТЧСЖ и как с ним жить? (Узбекистан)» («УЖМШ ва улар билан қандай яшаш керак? (Ўзбекистон») гуруҳи администратори Максим Черников 29 январь куни кечқурун қабристон ҳудудига борди. У эълон қилган видеоёзувда бевосита қабрларга яқин жойда тупроқ ишлари олиб борилгани кўриниб турибди.Тошкент ҳокимияти изоҳи Шаҳар маъмурият матбуот хизмати МТТ олдидаги жой ва қабристонга ташриф буюриб, видеорепортаж эълон қилди. Унда маҳалла раиси Шуҳрат Ғозиев тупроқни «карьердан» олиб чиқиш унинг қарори бўлгани, унда суяклар бўлмаслиги кераклигини ва бу ерга қандай келиб қолганини тушунмаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, тупроқ мазкур ҳудудни ободонлаштириш ва баҳорда гул экиш учун керак эди. МТТ мудираси Дилфуза Ҳамроева тупроқ илгари гаражлар бузилган майдонни текислаш учун фойдаланилишини маълум қилди. Тупроқ олиб келинган тепалик уюми аввалига белкураклар ёрдамида, кейин экскватор чўмичи билан қазилган, бу ерда суяклар аниқланмаган.Ҳодиса жойидаги вазият «Газета.uz» мухбири Шуҳрат Латипов 30 январь куни қабристон ҳудудига бориб, у ерда бўлаётганларга аниқлик киритишга ҳаракат қилди. 11:00 атрофида қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудуд атрофига метал тўсиқлар ва лойиҳа ҳақидаги ахборот туширилган ёрлиқни ўрнатиш бошланди. Масжид ходими Зокир бобонинг айтишича, ҳодиса Facebook орқали ёритилгач, «Лафарга» қабристонига яқинлари кўмилган жуда кўп одамлар келган. Улар қурилиш ишлари қабрларга зарар етказиши мумкинлигидан хавотирда эдилар. Унинг сўзларига кўра, қабристон 2,5 ой олдин яна қайтадан очилган. У 2009 йил 25 сентябрдан бери Тошкентнинг собиқ ҳокими Абдуқаххор Тўхтаевнинг (ҳозирда Шайхонтоҳур тумани ҳокими) қарори билан одамларни дафн этиш тўхтатилган пайтдан бери ишламаган. Қабристон хизматларидан саккизта — Бўз, Элобод, Турон, Алпомиш, Буюк ипак йўли, Олмачи, Подшобоғ ва Сайрам маҳаллалари аҳолиси фойдаланган. «Бу жуда эски қабристон. Илгари у ҳозирги Макро супермаркети жойлашган ергача, бир томони эса Mediapark савдо марказигача борарди. Тошкент зилзиласидан кейин (1966) бу ерда икки томонда турар-жой бинолари, касалхона қурилди, Мудофаа вазирлиги ўзи учун гараж ва музей қурди. Қабристон 10 йил давомида ёпиқ турди, биз уни 2,5 ой олдин очганмиз», — деди у. Зокир бобонинг айтишича, қабристон яқинидаги қурилиш ишлари янги масжид бунёд этилаётгани билан боғлиқ. У бузилган эски масжид ўрнида жойлашган бўлиб, ҳозирги намоз ўқиладиган ёпиқ айвон, йўлак, ошхона ва бир нечта биноларни қамраб олади. Қурилиш қабрлар жойлашган ҳудудга бевосита таъсир қилмайди. Масжид ходими маҳалла раиси бузилган гаражлар жойлашган жойни текислаш учун бир оз тупроқ олиб кетганини тан олди. Унинг фикрича, фотосурат ва видеоларда кўринадиган суяклар одамларга тегишли эмас. «Агар у одам қолдиқлари бўлганида эди, битта суяк эмас, балки бир нечта бўлар эди. Ва нега улар юзада бўлиб, тупроққа кўмилмаган?», — деб сўради у.Қабристонга тегинилмайди Вазиятга ойдинлик киритиш учун улар Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкатбек Иргашев, Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоатчилик ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Алимардон Қаршиев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси (ЎМИ) раисининг биринчи ўринбосари Хомиджон Ишматбеков, Тошкент бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров ва ЎМИ масжидлар бўлими бошлиғи Муҳаммадназар Қаюмов (суратда — чапдан ўнгга) ҳодиса жойига келди. Нуриддин Холиқназаров эски масжид авария ҳолатида бўлганини таъкидлади. «Масжид биносида ёриқлар аниқланди… Ахир у ерда одамлар намоз ўқийди, жамоатчилик ичкарига киради… Биз ўзимизча масжид янгиланса ёмон бўлмас эди, деб ўйладик, аммо бу ерда аҳоли ва оқсоқоллар ташаббус кўрсатиб чиқишди. Масжид эски масжид ўрнида, қабристон чегарасидан ўтмасдан қурилмоқда», — деди Тошкент шаҳар бош имом хатиби. «Агар қурилиш ишлари ва қазиш ишлари пайтида суяклар тасодифан пайдо бўлса, уларни ҳурмат ва эҳтиром билан дафн қилишади. Аммо бундай ҳолатлар бўлмади, мана гувоҳлар жуда кўп. Бундан ташқари, қабристоннинг ўзида ҳеч қандай иш қилинмаган», — дея таъкидлади у. Хомиджон Ишматбековнинг сўзларига кўра, қурилиш пайтида ҳеч қандай суяк ёки одам қолдиқлари топилмаган. Шунингдек, у суяклар топилган бўлса, марҳумга ҳурмат ва эҳтиром билан қайта кўмилиши кераклигини қўшимча қилди. «Ҳамма жойда қабристонлар бор. 50−100 йил олдин фаолияти тўхтатилган қабристонлар мавжуд. Агар зарурат туғилса, йўл очиш, йирик иншоот қуриш керак бўлса, қабрлар бошқа қабристонларга кўчирилди — бундай ҳолатлар бўлган, [жараён] китобларда келтирилган. Шариатга кўра, қабрларни кўчиришга рухсат берилган. Аммо қабристон ишламаслиги керак. Агар у фаолият кўрсатаётган бўлса ва одамлар дафн этилаётган бўлса, у ҳолда унга тегинилмайди. „Лафарга“ қабристони бугунги кунда фаолият кўрсатмоқда, шунинг учун унга тегинилмайди. Шуни ҳисобга олиб, масжид ўз ўрнида барпо этилмоқда», — дея тушунтирди ЎМИ раисининг биринчи ўринбосари. Унинг сўзларига кўра, маҳалла аҳолиси қурилиш ҳақида аввалдан хабардор қилинган. «Газета.uz» мухбири бир неча соат давомида қабристонда бўлди ва марҳумларнинг қариндошлари бу ерга келиб, қабрларнинг яхлитлигини текшираётганига гувоҳ бўлди. Ҳеч ким қабр тошлари вайрон бўлгани ҳақида хабар бермади. Баъзи фуқароларнинг айтишича, янги масжид қурилиши режалаштирилган тозаланган ҳудудда илгари қабрлар бўлган. Бошқа ташриф буюрувчилар эса ҳеч қандай қабрлар бўлмаганини таъкидлашди. Google Earth сунъий йўлдошдан олинган тасвир. Google Earth тасвирлари 2018 йил 27 февралдан 2019 йил 10 майгача бўш бўлган ҳудудда қабристон йўқлигини кўрсатмоқда. Масжид маъмурияти томонидан тақдим этилган 2019 йил 28 октябрдаги видеода янги бино қурилиши бошланишидан олдинги ҳолат акс этган. Уларга кўра, ишлар қабристон ҳудудига таъсир қилмайди, аммо қабрларга жуда яқин жойда, шу жумладан, Афғонистондаги ҳарбий операцияларда ҳалок бўлган аскарларнинг қабрлари ёнида амалга оширилмоқда. Тупроқ ишлари олиб борилаётган жой билан қабрлар орасига демонтаж қилинган тўсиқлар қўйилган.Янги масжид қандай бўлади? ЎМИ масжидлар бўлими бошлиғи Муҳаммадназар Қаюмовнинг маълум қилишича, янги Мулла Қосим масжиди 2500 кишига мўлжалланган. Унинг сўзларига кўра, бинолар ҳажми кичик бўлгани туфайли минглаб намозхонлар кўчада қолишган. У лойиҳани йил охирига қадар ҳомийлик ҳисобидан ва ҳашар орқали якунлаш режалаштирилганини хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда Тошкент шаҳридаги 13 та, бутун республика бўйича 151 масжидда реконструкция ва қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистонда жами 2066 масжид фаолият кўрсатмоқда.Суяклар тақдири нима бўлди? «Мактуб Табассум» уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Стелла Нигматулинанинг «Газета.uz»га маълум қилишича, суяклар топилгач, яқин атрофдаги шифер остида яширилган. Аммо ҳокимият вакиллари бу ерга ташриф буюрганида, улар йўқ эди. Аёл суяклар видеосини эълон қилган Ольга Медведева билан биргаликда учинчи суякни экспертизадан ўтказиш учун Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бўлимига борган. «Бизда захира бор эди — учинчи суяк. Биз уни эълон қилмаган эдик. Чунки, барибир, шундай бўлишини билгандик», — деди Ольга Медведева. Терговчилар билан биргаликда аёллар иккита жойдан — 451- МТТ ва қабристондан намуналар олиш учун яна воқеа жойига боришди. «Терговчи экспертиза қайси кунга тайинланишини хабар қилишини айтди. Биз иккимиздан биримиз қатнашиши керак, дедик», — деди Стелла Нигматулина.

Место для вашей рекламы