Тошкентда стикерсиз ҳайдовчиларни жаримага тортиш бошланди

Тошкентда 31 мартдан пойтахт ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Миллий гвардия ва Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ходимлари иштирокида карантин чораларига риоя этилиши бўйича рейдлар бошланди, дея хабар қилди ИИББ матбуот хизмати. 30 мартдан Тошкент, Нукус ва вилоятлар марказларида, шунингдек, вилоятлар ўртасида автомобиллар ҳаракатига фақатгина махсус рухсатнома (стикер) билан рухсат берилади. Рейд тадбирлари доирасида 31 март 20:00 дан 1 апрель 7:00 га қадар пойтахтда 168 ҳайдовчининг стикерсиз автомобиль бошқаргани аниқланди. Махсус рухсатномасиз ҳайдовчилар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-модда 2-қисми (Эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузиш) бўйича жаримага тортилди. Мазкур моддага биноан фуқароларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланган. Ўзбекистон ИИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, рейд давомида жами 27 107 та автотранспорт воситалари текширилиб, 1 912 та турли хил ҳуқуқбузарликлар аниқланди. Шулардан 766 таси бевосита карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ, тегишли рухсатсиз (стикерсиз) ҳаракатланган автомобиллар сони 168 тани ташкил этди. Жарима майдончасига жойланган автотранспорт воситаларининг умумий сони 545 тани ташкил этди. "Газета.uz"да реклама

Место для вашей рекламы