Тошкентда катта миқдордаги тиббий ниқобларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди

17 март куни Тошкентда ўтказилган назорат тадбирлари давомида 62 минг 785 дона, умумий қиймати 123 миллион 800 минг сўмлик ҳеч қандай сифат сертификатига эга бўлмаган тиббий ниқоблар ноқонуний равишда савдога қўйилгани аниқланди. Бу ҳақда пойтахт ДСБ матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди. Хусусан, Мирзо Улуғбек туманида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида фуқаро Азимжон Абдуллаев (исм фамилиялар ўзгартирилган) Қорасув-2 мавзеси Дониёр берк кўчасида ҳеч қандай ҳужжатларсиз, сифати кафолатланмаган тиббий ниқобларни савдога қўйгани маълум бўлди. Тадбир давомида А.Абдуллаевдан жами 48 минг 960 дона, умумий қиймати 93 млн сўм бўлган бир марталик тиббий ниқоблар вақтинча олиб қўйилди. Миробод туманида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида ҳудуддаги Миробод деҳқон бозорига туташ вақтинча автомашиналар тўхташ жойида яна бир фуқаро томонидан ҳеч қандай сифат сертификатига эга бўлмаган жами 7000 дона, умумий қиймати 10,5 млн сўмлик тиббий ниқоблар ноқонуний савдога қўйилгани аниқланди. "Газета.uz"да реклама Назорат тадбирлари пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида ҳам ўтказилди. Ҳудуддаги аҳоли гавжум жойларда ўтказилган тадбирлар давомида 3 нафар фуқаро томонидан жами 4850 дона, умумий қиймати 14,3 млн сўмлик тиббий ниқоблар ноқонуний равишда савдога қўйилгани маълум бўлди. Мазкур ҳолатлар юзасидан қонуний чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Айни кунларда Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан озиқ-овқат ва зарур тиббий воситалар нархларининг сунъий оширилишига йўл қўймаслик мақсадида ҳам мониторинг тадбирлари олиб борилмоқда. Жумладан, Сергели туман давлат солиқ инспекциясининг «Ишонч телефони»га ҳудуддаги «Сергели деҳқон бозори» ёнида жойлашган дорихонада нархлар асоссиз равишда оширилгани, жумладан, тиббиётда ишлатиладиган спирт одатдагидан қиммат сотилаётганлиги тўғрисида мурожаат келиб тушди. Мазкур ҳолатлар юзасидан туман давлат солиқ хизмати ходимлари жойига чиққан ҳолда сотувчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказиб, бу каби ҳолатлар такроран содир этилган тақдирда қонуний чоралар кўрилиши ҳақида батафсил тушунтириш берди.

Место для вашей рекламы