Тегишли фанлардан сертификатга эга абитуриентлар тест синовисиз ўқишга қабул қилинади

Абитуриент олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига қабул тест синовларига қадар керакли умумтаълим фанларидан сертификат олса, тест синовида иштирок этмай, тўғридан-тўғри танловда қатнашиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Давлат тест маркази матбуот хизмати хабар қилди . ДТМ 2020 йилдан бошлаб босқичма-босқич чет (инглиз, немис, француз ва шарқ) тилларидан ташқари, масалан, ўзбек тили, рус тили, математика ва бошқа умумтаълим фанларидан ҳам сертификат берилиши жорий этилиши мумкинлигини маълум қилди. Ҳозирда ушбу тартиб юзасидан тегишли таклифлар берилган. Таклифларга кўра тест синовларини соддалаштириш, абитуриентларга қулайлик ва имкониятлар яратиш мақсадида барча умумтаълим фанларидан худди шундай сертификат берилиши босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилган. "Газета.uz"да реклама Абитуриентлар умумий ёки ўрта-махсус таълим муассасасини тугатмай туриб ҳам бундай имкониятдан фойдаланишлари мумкин бўлади. Айни пайтда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ушбу тартибни амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилмоқда. Қайд этилишича, мазкур ўзгариш президент мурожаатномасида санаб ўтилган вазифалар ижроси юзасидан жорий этилмоқда. Мурожаатда давлат раҳбари 2019 йилда мамлакатда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 20 фоизга етказиш ва келгуси йилларда ошириб бориш — муҳим вазифа эканини таъкидлаб ўтган эди. Ўзбекистонда олий ва ўрта махсус таълим масканлари битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш ўтган даврда 9−10 фоиз даражасида бўлиб келаётган эди. Сўнгги икки йилда кўрилган чора-тадбирлар туфайли, бу рақам 15 фоиздан оширилди.

Место для вашей рекламы