Ташқи ишлар вазирлиги Хитойга сафарлардан сақланишни тавсия қилди

Ўзбекистон фуқароларига Хитойга хизмат, туристик ва бошқа мақсадларда ташриф буюришдан тийилиб туришларини қатъий тавсия этилади, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги хабарида. Вазирликнинг қайд этишича, Хитой ҳукумати кўраётган қатъий чораларга қарамасдан, коронавируснинг янги шакли (2019- nCoV) тарқалиши билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолмоқда. Вирусни юқтирганлар сони 6 мингдан кўпроқни ташкил қилиб, касалликдан вафот этганлар сони эса 130 нафардан ошди. Бундан ташқари касалга чалинганлар қатор бошқа давлатларда ҳам аниқланди. Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси ва бош консулхонаси Ухань шаҳри ва карантин жорий қилинган бошқа шаҳарлардаги ҳамюртларимиз билан доимий алоқада бўлиб турибди ҳамда марказий ва маҳаллий ҳукумат идоралари билан биргаликда юзага келаётган муаммолар, шу қаторда маиший масалаларни тезкорлик билан ҳал қилмоқдалар. "Газета.uz"да реклама Январ ойида Ухан шаҳридан ватанга қайтиб келган ўзбекистонлик талабалар зудлик билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига +998909882330 (директор ўринбосари Б.Қурбонов), +998972755074 (бош мутахассис Ф.Қурбонбеков) телефон рақамлари орқали боғланишлари зарур. Ташқи ишлар вазирлиги Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларига зарур ҳолатларда исталган вақтда мамлакатимизнинг Пекин шаҳридаги Элчихонасига +86 135 1102−4242 (Бобур Яхяев), +86 139 1175−4476 (Шухрат Умиров) телефон рақамлари орқали ҳамда Шанхай шаҳридаги Бош консулхонасига +86 131 2255−5772 (Азиз Улуғбеков) телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади. Аввалроқ, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларга зарурат бўлмаган тақдирда Хитойга ва бошқа давлатларга бормасликни тавсия қилган эди.

Место для вашей рекламы