Судларда ишлар автоматлаштирилган тизим орқали тақсимланади

Ўзбекистон президенти 10 март куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунга имзо чекди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди. Қонунга мувофиқ, суд ишларини юритиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан қатор қонунлар ва кодексларга ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, «Судлар тўғрисида"ги қонунга судьялар ўртасида ишларни тақсимлашга оид алоҳида модда киритилди. Унга кўра, судларда ишлар судьяларнинг иш ҳажми ва ихтисослашувини ҳисобга олиб, муҳокама натижасидан манфаатдор шахсларнинг таъсир кўрсатиши истисно этиладиган тартибда, автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда тақсимланади. Шунингдек, Иқтисодий процессуал кодекс даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ҳамда учинчи шахсларга ахборот тизими орқали электрон тарзда юборилиши мумкинлигига оид норма билан тўлдирилди. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Место для вашей рекламы