ССВ: коронавирусга чалинганларнинг аҳволи ҳозирча қониқарли

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Covid-19 коронавирусини юқтириб олган беморлар аҳволи ҳозирча қониқарли даражада эканини маълум қилди. ССВ хабарида қайд этилишича, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида зарур чоралар кўрилмоқда. Жумладан, эпидемиологик суриштирув ҳамда касаллик тарқалиб кетмаслиги учун барча профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда. «Ҳозирга қадар коронавирус инфекцияси қайд этилган 6 нафар бемор клиникамизда ётқизилган. Улар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, белгиланган стантдартлар асосида даволанмоқда, — деди Вирусология илмий текшириш институти директори Эркин Мусабоев. — Беморлар шифокорлар томонидан кеча-ю кундуз тиббий назоратга олинган. Умумий аҳволи доимий кузатувга олинган. Айни пайтда беморларимизнинг аҳволи қониқарли». "Газета.uz"да реклама Вазирлик коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва ушбу инфекцияга чалинган беморларни даволаш учун барча шароит яратилганини қайд этиб ўтди. Жумладан, тиббиёт муассасалари зарур дори-дармон воситалари ҳамда мутахассислар билан етарли даражада таъминланган. Шунингдек, аҳолидан ваҳимага берилмасдан, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш сўралди. Эслатиб ўтамиз, якшанба куни Ўзбекистонда илк бор Covid-19 коронавирусига чалиниш ҳолати рўйхатга олинди. 15 март куни дастлаб Париждан 11 март куни учиб келган аёл кишида, сўнгра унинг ўғли ва қизида, 16 март куни эса биринчи беморнинг турмуш ўртоғи, невараси ҳамда Истанбулдан учиб келган бошқа бир фуқарода ушбу касаллик аниқланди. Коронавирусдан қандай ҳимояланиш керак?

Место для вашей рекламы