Солиқ кодексида хронометраж текширувига рухсат берилмаган — ДСҚ

Амалдаги солиқ қонунчилигида тадбиркор фаолиятига нисбатан тўғридан-тўғри хронометраж тадбирини қўллаш назарда тутилмаган. Бунинг ўрнига, фаолиятни сайёр текшириш нормаси жорий қилинган. Сайёр текширув эса хронометраж тадбирини ҳам ўз ичига олади, дея маълумот берди давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров. 17 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида солиқ органлари вакиллари амалиётда пайдо бўлаётган янгиликлар ҳақида маълумот беришди. Қўмита раиси ўринбосарининг айтишича, сайёр текширувни ўтказиш тартиблари ҳозирча ишлаб чиқилмаган. «1 апрелга қадар сайёр текширувни ўтказиш тартиби ишлаб чиқилади. Шу туфайли, бугунги кунда хронометраж тадбирини ўтказиш амалиёти мавжуд эмас», — деди у. "Газета.uz"да реклама Фазлиддин Умаровнинг қўшимча қилишича, жорий йилнинг биринчи чораги даврида тадбиркор молиявий ёки солиққа тортишга оид бошқа жазоларга тортилмайди. У йўл қўйган камчилик ва хатолар солиқчилар билан бамаслаҳат ечилиши лозим. «Солиқ нормалари амалга тўла татбиқ этилиб, тадбиркорларда намунали солиқ тўлаш кўникмаси пайдо бўлгунга қадар назорат ҳам, жазо ҳам йўқ. Бу тартиб жорий йилнинг биринчи чораги учун амал қилади», — дея қайд этди у. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, ўтган икки йил давомида тадбиркорлик фаолиятини солиқ органлари томонидан тафтиш этиш тақиқланган эди. Бироқ уларнинг фаолияти борасида таҳлил ва мониторинг амалга оширилган. Ана шундай тадбирлардан бири — хронометраж текширувидир. Шу мақсадда, 2019 йил 3 апрель куни «Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни хронометраж кўздан кечиришдан ўтказиш ҳамда камайтирилган тушум суммасидан солиқларни ҳисоблаб чиқиш тартиби тўғрисида"ги низом қабул қилинди. Низомга кўра, хронометраж кўздан кечириш (хронометраж) солиқ текшируви ҳисобланмас эди. Хронометраж — тушумлар ҳажмини, пул тушумини, ишлаб чиқариш ҳажми, товарларнинг реализация ҳажмини аниқловчи солиқ назорати шакли бўлиб, давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахслари ва солиқ тўловчилар унинг иштирокчилари ҳисобланади.

Место для вашей рекламы