Сирғали туманида янги мактаблар очилди. Улар нимаси билан бошқалардан фарқ қилади? (+фото)

2 март куни Тошкентнинг Сирғали туманида 329 ва 330-сонли иккита умумтаълим мактаби очилиши бўлиб ўтди. Ҳар бир мактабга яқин атрофдаги маҳаллалардан 1680 нафардан бола қабул қилинади, улар илгари билим олиш учун узоқ жойлардаги мактабларга қатнашга мажбур эдилар. Мактабларда таълим давлат тилида олиб борилади. Ўқитувчилар бўлган тақдирда бошқа тиллардаги синфлар ташкил этилиши мумкин. Ҳозирда болаларни муассасаларга қабул қилиш давом этмоқда. 329-сонли мактабга 1600 дан ортиқ, 330-мактабга эса 1000 дан ортиқ аризалар қабул қилинди, дея хабар берди Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) матбуот хизмати «Газета.uz»га. Очилиш маросимида халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳамда Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирок этди. Шерзод Шерматов ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев мактабни кўзда кечирмоқда. "Газета.uz"да реклама Пойтахт маъмурияти раҳбари сўнгги йилларда Сергели туманида 100 минг киши истиқомат қиладиган 394 та кўп қаватли уй қурилганини таъкидлади. 2019 йилда Сирғали туманида яшайдиган болалар учун тўртта мактаб қурилиши бошланди. Улардан иккитаси ҳали очилгани йўқ. Янги мактаблар Ўзбекистонда сўнгги йилларда қурилган энг йирик ўқув муассасаларига айланди. Уларни қуриш жараёнида президент мактабларини барпо этиш тажрибасидан фойдаланилди. Дастлабки маълумотларга кўра, янги мактабларда ёш мутахассислар учун 438 иш ўрни яратилади. Ҳар бир мактабда 48 та синф хонаси мавжуд, улардан 20 таси фан синфлари, 14 таси бошланғич синфлар ва 14 таси чет тилларини ўрганишга мўлжалланган. Бундан ташқари, мактабларда информатика, тўгараклар машғулотлари учун хоналар, кимё, физика ва биология лабораториялари, мусиқа, технология дарслари хоналари, 40 ўринли электрон кутубхона ва 200 ўринли мажлислар зали мавжуд. Кимё хонаси. Мактабларда иккитадан спорт зали, футбол, баскетбол ва волейбол майдончалари, бепул стоматология кабинети ва замонавий касбга йўналтириш аудиториялари мавжуд. Ҳар бир хонада мақсадидан қатъи назар, қўл ювиш чаноқлари ва ёзув тахталари мавжуд. «Ушбу мактабларда таълим сифатини таъминлаш учун кўп йиллар давомида мактабларда самарали иш олиб борган ва педагогик жамоалар ҳурматини қозонган номзодлар танланди», — дейилади ХТВ хабарида. Ўқитувчилар 26−27 февраль кунлари Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра танланди. Мактаблар қурилиши Тошкентнинг ушбу қисмида кўп қаватли уйлар барпо этилиши муносабати билан Сирғали туманида ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш режасида кўзда тутилган эди. Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, бундай мактаблар босқичма-босқич мамлакатнинг барча ҳудудларида ҳам ташкил этилади. «Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз бизни мана шундай мактабларни барпо этишга рағбатлантиради», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев мактаб ўқувчиларига. Замонавий мактаблар қурилиши президентнинг тегишли фармонида назарда тутилган. Ҳужжатга кўра, «замонавий мактаблар» «илғор меъморий ечимлар ва энергия тежайдиган технологиялар» асосида қурилган. 2020−2022 йилларда Ўзбекистон инвестиция дастури доирасида марказлаштирилган инвестициялар, халқаро молия институтлари ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан мактаблар қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 4 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратиш режалаштирилган. 1 мартдан бошлаб давлат умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш янги тасдиқланган лойиҳа доирасида амалга оширилди. ХТВдан «Газета.uz»га хабар қилинишича, яқин келажакда мактабларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича намунавий лойиҳалар эълон қилинади.Фото

Место для вашей рекламы