Шифокор ишига тўсқинлик қилиб, уни ҳақорат қилган шахс қўлга олинди

10 март куни Андижон шаҳар прокуратураси томонидан фуқаро Х.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси («ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш») билан жиноят иши қўзғатилган ва у процессуал тартибида ушланган, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов. Маълум қилинишича, 29 февраль куни фуқаро Х.М. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали травматология қабулхонасига келиб, шифохонага ётқизилган опасига тиббий ёрдам кўрсатилмаганлиги важи билан хизмат вазифасини бажараётган шифокорларни уятли сўзлар билан ҳақорат қилган. Шунингдек, у беморга етарли даражада тиббий муолажалар кўрсатилишига тўсқинлик қилган, дейилади прокуратура хабарида. "Газета.uz"да реклама Бундан ташқари, Х.М. шифохона ҳамширасидан опасига тан жароҳатлари етказилганлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилмасликни талаб қилиб, уларни уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, шифокорларнинг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатган. Ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Место для вашей рекламы