Шифохоналарда коронавирус бўйича қатор чекловлар ўрнатилади

Ўзбекистон бош давлат санитария врачининг 17 мартдаги қарори билан COVID-19 коронавирус инфекциясининг республика ҳудудида тарқалишини олдини олиш, касалликни тўғри ташхислаш ва даволаш жараёнида профилактик чеклов тадбирлари жорий этилмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги матбуот хизмати хабар қилди . Ушбу қарорга мувофиқ, 17 мартдан бошлаб барча даволаш-профилактика муассасаларида COVID-19 коронавирус инфекцияси бўйича чеклов ўрнатилади. Беморларни кўргани келган ва бошқа бегона шахсларнинг даволаш-профилактика муассасаларига кириши, беморларнинг ташхисот-даволаш ишларига боғлиқ бўлмаган шахслар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишлари тақиқланади. Даволаш-профилактика муассасаларига келаётган беморларни тана ҳароратини ўлчаш, эпидемиологик суриштирув ва коронавирус белгиларига текшириб фильтрдан ўтказиш ташкил этилади. "Газета.uz"да реклама Даволаш-профилактика муассасаларига кириш ва чиқишни қатъий тартиб асосида амалга оширилиши ва ички ишлар бошқармаларини жалб этган ҳолда муассасани периметри бўйлаб куну тун қўриқланиши жорий этилади. Фуқаролар коронавирус белгилари билан қилган мурожаатлари бўйича уйга бориб бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилади, клиник белгилари ва эпидемиологик суриштирув асосида текширувдан ўтказилади, касаллик белгилари ва эпидемиологик кўрсатмалар бўлмаса, улар вирусологик текширувга юборилмайди. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳузуридаги вирусология лабораторияси COVID-19 коронавирус инфекциясига лаборатория таҳлилларини ўтказиш миллий референс лабораторияси деб белгиланади ҳамда Вирусология илмий-тадқиқот институти ва ҳудудий СЭОМ вирусология лабораторияларида ўтказилган таҳлиллар мусбат натижа берган ҳолларда миллий референс лабораториясида қайта текширувдан ўтказилиб, унинг натижасига асосан якуний ташхис қўйиш амалиёти жорий этилади. Эпидемик вазият нохуш бўлган ҳудудлардан келган шахслар ҳамда улар билан мулоқотда бўлганларни касалликка лабораторияда текшириш учун Санитария-эпидемиологик осойишталик марказларида кириш-чиқиш тартиби бўлган алоҳида махсус намуна олиш ва кутиш хоналари ташкил этилади, бунда, таҳлил натижаси чиққунга қадар беморларни юз ниқобини таққан ҳолда кутиб туришлари жорий этилади. Бемор ва унинг оила аъзолари, бемор билан мулоқотда бўлганларнинг шахсий маълумотлари сир сақланиши бўйича қатъий назорат ўрнатилади. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхона-ташкилотлар, муассасалар, деҳқон бозорлари ва одамлар гавжум бўладиган жойлар ҳамда жамоат транспортлари бекатлари хўжалик ҳисобидан дезинфекция қилинади.

Место для вашей рекламы