Сенат жарималарни барвақт тўлаганларга чегирма жорий этилишини маъқуллади

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати иккинчи ялпи мажлисда 15 кунлик муддат ичида тўланадиган жарималар миқдорига чегирма жорий этишни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар ҳужжат президент томонидан имзолаганидан кейин киритилади, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири. МЖТКнинг 332-моддасига (жарима солиш тўғрисидаги қарорни бажариш муддатлари ва тартиби) киритиладиган ўзгартириш жарима тўлаш муддати қарор қабул қилинган кундан бошлаб 15 кундан 30 кунгача узайтирилишини англатади. Аввалроқ, Қонунчилик палатаси депутатлари жорий 15 кунлик муддатнинг жуда қисқа эканлигини таъкидлашган эди. Уларнинг фикрича, аксарият фуқароларнинг ойига бир марта ойлик олишини инобатга олган ҳолда, жаримани тўлаш молиявий қийинчиликларни келтириб чиқаради. Таққослаш учун, Россияда жаримани тўлаш муддати 60 кун, Қозоғистонда — 30 кун, дея таъкидлаган эди парламент вакиллари. Бундан ташқари, кодексга янги 332−1-моддани (жаримани тўлашнинг соддалаштирилган тартиби) жорий этиш режалаштирилган бўлиб, унга кўра ҳуқуқбузар жаримага тортиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан 15 кун ичида жариманинг 70 фоизини тўласа, қолган қисмини тўлашдан озод қилинади. Шу билан бирга, соддалаштирилган тартиб суд маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жарима солган, жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят берган ёки протест билдирган, шунингдек маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил ичида худди шу ҳуқуқбузарликни қайта содир этган ҳолларда қўлланилмайди. "Газета.uz"да реклама Ўтган даврда ички ишлар органлари томонидан солинган жарималарнинг ихтиёрий равишда тўланган кўрсаткичлари баланд эмаслиги маълум бўлди. Бу кўрсаткич 2017 йилда 43 фоизни, 2018 йилда эса 55 фоизни ташкил этган. Хорижий мамлакатлар қонунчилигида (Англия, Франция, Испания, Италия, Россия, Қозоғистон каби) ҳуқуқбузар жариманинг 70 ёки 50 фоизини қонунчиликда белгиланган муддатда (жойнинг ўзида ёки 7, 15, 20 ёҳуд 21 кунда) тўласа жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилиниши белгиланган.

Место для вашей рекламы