Самарқанд вилоятидаги ЙТҲда 2 киши ҳалок бўлди, 11 киши жароҳатланди

16 март куни тахминан 21:40 да Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида (М-37 Самарқанд — Бухоро автойўлининг 105-километри) тўртта автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди, дея хабар қилди Ўзбекистон ИИВ Тергов департаменти. Бошқарувни йўқотган Lacetti ҳайдовчиси йўлнинг қатнов қисмини ажратиб турувчи бетон тўсиқни бузиб ўтиб шу йўналишда ҳаракатланиб келаётган «Газель» русумли микроавтобус билан тўқнашув содир этган. Аварияда шу йўналишда ҳаракатланиб келаётган «ВАЗ 2106» ва Nexia-2 автомашиналари ҳам шикастланган. ЙТҲ натижасида «Газель» микроавтобуси ҳайдовчиси ва бир нафар йўловчиси ҳодиса содир бўлган жойда вафот этган, яна бир йўловчи оғир тан жароҳатлари билан тиббий муассасага ётқизилган. Микроавтобусда бўлган 9 нафар йўловчи ва Lacetti ҳайдовчиси турли хил даражада тан жароҳат олиб, тиббиёт муассасасига мурожаат қилган. Ҳодиса содир бўлган жойда тергов-тезкор гуруҳи ишламоқда, авария сабаблари аниқланмоқда.

Место для вашей рекламы