Репортаж: Демократик янгиланиш масаласига дахлдор халқаро анжуман

18 февраль куни Тошкентда «Ўзбекистон Республикасида давлат ва жамият қурилишининг янги босқичи, мамлакатни демократик модернизациялашда парламент ва ҳокимият вакиллик органларининг ролини ошириш» мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. «Газета.uz» мухбири анжуманни тўлиқ кузатиб, ундаги асосий фикрларни бир мақолага жамлади.Норбоеванинг ҳаракатлар режаси Анжуманда кириш сўзини ўқиб эшиттирган Сенат раиси Танзила Норбоева парламент олдида турган асосий вазифаларга тўхталди. Унинг айтишича, бугунги замон талабларига жавоб берадиган қонунларни қабул қилиш, уларнинг ҳаётга татбиқ этилишини таъминлаш парламент зиммасидаги асосий вазифа бўлади. Шунингдек, парламент назорати институтини такомиллаштириш, ижро органларининг жавобгарлиги, масъулиятини ошириш Сенатнинг бирламчи вазифасидир. "Газета.uz"да реклама Фото: Алишер Рўзиохунов / «Газета.uz». «Шу ўринда маҳаллий кенгаш депутатларининг фаоллигини ошириш бугунги куннинг талаби эканлигини ҳам ҳеч ким инкор эта олмайди. Бугун маҳаллий кенгашларга сайланган 6570 нафар депутатлар билан Сенат ҳамкорликда фаолият кўрсатиш механизмларини ишлаб чиқди. Депутатларнинг салоҳиятини ошириш юзасидан доимий ишлайдиган махсус ўқув курслари ташкил этилди. Барча туман ва шаҳарларда депутатлар хонаси, сенаторлар хонаси ташкил этилди», — деди сенатор Норбоева.Депутатлар ва «Юксалиш» ҳаракатининг мониторинг гуруҳлари Иштирокчилар диққат марказида бўлган яна бир масала — сиёсий тизимни модернизациялаш шароитида парламент назорати самарадорлигини оширишдан иборат бўлди. Бу борада халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари ва «Юксалиш» ҳаракатининг ҳудудий бўлинмалари ходимлари ва экспертларидан иборат доимий фаолият олиб борувчи вилоят ҳокими томонидан тасдиқланадиган мониторинг гуруҳи тузиб, президент мурожаатномаси ҳамда Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида амалга ошириш учун тасдиқланадиган давлат дастурининг бажарилиши юзасидан доимий мониторинг тадбирлари ўтказиб, ҳар ойда Сенатга ахборот ва таклифлар киритиш муҳимлиги таъкидланди.Парламентдан холи бўлган хавфсизлик ва ташқи сиёсат масаласи Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг таъкидлашича, қонунлар халқ манфаатини қанчалик ҳимоя қилишига эътиборни қаратиш лозим. Уларни қабул қилишда етук эксперт ва соҳа вакиллари фикрига қулоқ тутиш лозим. «Сенат қўмиталари қошида экспертлар кенгаши тузилмоқда. Демак, парламентнинг аналитик салоҳиятини белгилаш — энг долзарб масалалардан бири… Ҳар бир қонунни қабул қилишда, унинг келажакда самарали ишлаш механизми ҳақида тасаввурга эга бўлишимиз лозим. Менимча, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни кенг жорий этиш вақти келди», — дея қайд этди сенатор. Унинг айтишича, илгари хавфсизлик ва ташқи сиёсат масалалари тўлалигича ижро ҳокимияти измида бўлган. Эндиликда парламент иштирокисиз бу соҳадаги фаолият самарали бўлолмаслиги тан олинди.Қонун устуворлиги ва коррупция Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг билдиришича, жараёнлар кетидан пайдо бўлаётган ҳисобот эмас, натижа аҳолини қизиқтирмоқда. Шу туфайли, ижро ҳокимиятининг фаолиятидан асосий муддао натижага қаратилиши керак, деб ҳисоблайди у. «Иқтисодий ислоҳот қилмоқчи бўлсак-да, қонун устуворлигини таъминлаш муҳим вазифа бўлади. Яъни ҳеч қайси соҳада қонун устуворлигини таъминламай, кўзланган натижага эришмаймиз. Бу бешинчи даражадаги масала эмас, балки биринчи даражадаги қадриятга айланиши лозим», — дея фикр билдирди вазир. Адлия вазири коррупция омилига «жамиятнинг энг катта емирувчиси» дея баҳо берди. Унга қарши юқори минбардан очиқ сиёсий ирода билдирилмоқда, деди Русланбек Давлетов. Фото: Алишер Рўзиохунов / «Газета.uz» «Умуман айтганда, Ўзбекистонни илгарига сурадиган омил фақат институтлар, институтлар ва, яна, институтлар бўлади. Инсон омилига, шахсга боғланмайдиган, ташқи таъсирга берилмайдиган, кўринмайдиган муносабатлари қонунлар асосида тартибга солинадиган институтлар Ўзбекистонимизни ривожлантиради», — деди вазир. Русланбек Давлетов сўзида маҳаллий кенгаш депутатлари шижоати жамият кутилмасига мос келмаслигини тан олиб, қайд этди. Гарчи у ҳудудлардаги депутатларнинг турғун фаолиятига сабаб бўлувчи омилларни очиқламаган бўлса-да, кенгашга раислик қилиш ва ижро ҳокимиятининг кенгашга таъсири кучли эканига шаъма қилди. Анжуман иштирокчилари тадбир сўнггида Парламент мувофиқлаштирувчи комиссиясини ташкил этиш бўйича тавсиясини билдирди. Унинг вазифалари этиб, қуйидагилар белгиланиши назарда тутилган:жамият ҳаётининг барча соҳаларида ишлаб чиқиладиган қонун лойиҳаларини оммавий муҳокамаларини ташкил этиш, уларнинг ўз вақтида қабул қилиниши ва ижроси устидан назорат ишларини мувофиқлаштириш;дастурлар ижроси устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;Сенат ва Қонунчилик палатасининг маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлигини янада кучайтириш, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг билим ва кўникмаларини ошириш ишларини мувофиқлаштириш;рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида ижро ҳокимияти томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар устидан самарали парламент назоратини мувофиқлаштириш;жамият ҳаётида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги амалга оширилаётган ишлар устидан парламент назоратини мувофиқлаштириш;БМТ Барқарор тараққиёт мақсадлари ижросини назорат қилиш жараёнида парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ролини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;хорижий мамлакатлар билан муносабатларни ривожлантиришда парламентнинг ролини янада кучайтиришга қаратилган Парламент дипломатияси концепцияси доирасида амалга ошириладиган ишларни мувофиқлаштириш. Шунингдек, бизнес-омбудсман, депутатлар ва жамоатчилик иштирокида тадбиркорлар билан мунтазам мулоқот қилишни таъминлаш ҳамда уларга кўмак бериш вазифалари қўйилди.

Место для вашей рекламы